Ўзбекистон | 08:15 / 25.08.2025
1706
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлганлар учун иш ўринлари захираси шакллантирилади

Президентнинг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжат бандлик соҳасини такомиллаштиришнинг асосий йўналиш ва мақсадларини белгилайди:

  • ходим ва иш берувчи ўртасида самарали, адолатли ва ўзаро манфаатли меҳнат муносабатлари тизимини яратиш;
  • касбларга ўқитиш билан бир қаторда хусусий сектор иштирокида малака ошириш тизимини жорий этиш;
  • иш берувчиларни уларнинг эҳтиёжига мувофиқ малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини жорий этиш;
  • инсон ресурсларини бошқариш ва меҳнат муҳофазаси соҳасини ривожлантириш.

 
2025 йил 1 сентябрдан иш берувчилар учун белгиланган қуйидаги талаблар бекор қилинади:

  • бандлик органлари томонидан бўш иш ўринларига юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;
  • бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.

 
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектлар фақат қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захирасини шакллантиради:

  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
  • Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзолари;
  • муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;
  • ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар. 

Бунда мажбурий захиралаш:

  • ходимларнинг умумий сонининг уч фоизидан ошмаслиги керак;
  • ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга қўлланади.

Бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар учун ушбу талаб ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга қўлланади ва ходимларнинг умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги керак. Шунингдек мажбурий захирага қўшимча равишда жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар ва одам савдоси қурбони бўлган шахслар ҳам киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид