Спорт | 21:33 / 25.08.2025
23706
2 дақиқада ўқилади

Паулу Бенту Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи бўлиши мумкин

Жанубий Корея ва Португалия миллий жамоалари собиқ бош мураббийи, 56 ёшли португалиялик мутахассис бу лавозимга асосий даъвогар экани таъкидланмоқда.

Фото: Getty images

Ўзбекистон миллий жамоасига янги бош мураббий излаш жараёни қизиқарли тус олди ва Жанубий Корея ва Португалия миллий жамоалари собиқ бош мураббийи Паулу Бенту асосий номзодлардан бирига айланди. Бу ҳақда Football-Asian хабар берди.

«Ўзбекистон футбол ассоциацияси 2026 йилда Ўзбекистон учун тарихдаги илк жаҳон чемпионатида ишлайдиган бош мураббийни қидириб, 2014 йилги жаҳон чемпионати ғолиби Йоаҳим Лёвга қилган мурожаати муваффақиятсизликка учради - германиялик тактикачи Тошкентнинг жиддий таклифини рад этди. Туркиянинг фахрий собиқ мураббийи Фотиҳ Терим ҳам номзодлар қаторига қўшилди, аммо у ҳали кўндирилмади. Энди эътибор 56 ёшли португалиялик, клуб футболида ва халқаро миқёсда тажрибага эга Бентуга қаратилди», деб ёзди нашр.

Паулу Бенту мураббийлик фаолиятини 2005 йил ватанида, «Спортинг» клубида бошлаган. Кейинроқ, Бразилиянинг «Крузейро», Грециянинг «Олимпиакос» ва Хитойнинг «Чунцин Лифан» клубларида ишлаган.

2010 ва 2014 йиллар оралиғида Португалия миллий жамоасини бошқариб, Евро-2012 яримфиналига олиб чиқди. Кейинчалик Жанубий Кореяни Қатарда бўлиб ўтган ЖЧ-2022 финал босқичига олиб чиқиб, Осиёда ҳам ҳурматга сазовор бўлди. Сўнгги йилларда БАА миллий жамоасида ишлади.

Нашрнинг таъкидлашича, яқин ҳафталар музокаралар учун ҳал қилувчи палла бўлиши мумкин.

«Бенту Марказий Осиёнинг етакчи байроқдори чақириғини қабул қиладими ёки йўқми, номаълум, аммо унинг номзодлар қаторида бўлишининг ўзи Ўзбекистоннинг катта қатъиятини таъкидлайди», деб ёзди нашр.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид