Жаҳон | 18:46 / 25.08.2025
2707
2 дақиқада ўқилади

Қатар Тожикистонга Роғун ГЭС қурилиши учун 50 млн доллар беради

Маблағлар фақат ГЭС қурилишига йўналтирилиши таъкидланмоқда. Бу лойиҳанинг мақсади миллий энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланадиган энергия билан таъминлаш орқали мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлаш экани айтиляпти.

Фото: RogunKohiNur

Қатар тараққиёт фонди Тожикистон ҳукуматига «Роғун гидроэлектр станцияси қурилиши» лойиҳасини амалга ошириш учун 50 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратади. Тегишли келишув 23 август куни Душанбеда имзоланди.

Ҳужжатни Қатар тараққиёт фонди бош директори Фаҳд Ҳамад Ас-Сулайтий ва Тожикистон Молия вазирлиги раҳбари Файзиддин Қаҳҳорзода имзолади. Кредит бериш шартларига аниқлик киритилмаган.

Вазирлик маблағлар фақат ГЭС қурилишига йўналтирилишини таъкидлади - бу лойиҳанинг мақсади миллий энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланадиган энергия билан таъминлаш орқали мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлаш экани айтилмоқда. Таъкидланишича, объектнинг қурилиши республика ичидаги ва бутун Марказий Осиё минтақасидаги эҳтиёжларни қондириш учун электр энергияси ишлаб чиқаришни сезиларли даражада ошириш имконини бериши мумкин.

Шу йил февраль ойида Тожикистон ҳукумати халқаро ҳамкорлар билан Роғун ГЭС қурилишини молиялаштириш бўйича 812 миллион долларлик битимлар имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Кўрсатилган қийматнинг 462 миллион доллари кредитлар, 350 миллион доллари грантлардир.

Роғун ГЭС - Тожикистондаги энг йирик энергетика лойиҳасидир. Объект қурилишини 2031 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Яқин вақтгача лойиҳа фақат давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилар эди. 2008-2024 йилларда Тожикистон Роғун ГЭС қурилишига 42,5 миллиард сомоний (тахминан 4 миллиард доллар) йўналтирди. 2023 йил февраль ойида Саудия тараққиёт жамғармаси қурилишни якунлаш учун 375 миллион Саудия риали (100 миллион доллар) миқдорида кредит беришга тайёрлигини эълон қилди.

Лойиҳа якунлангач, Роғун ГЭС ўрнатилган қуввати 3600 МВт ва йиллик ишлаб чиқариш қуввати 13 дан 17 млрд кВт·соатгача бўлган Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэлектр станциясига айланиши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид