Жаҳон | 07:42 / 25.08.2025
4413
2 дақиқада ўқилади

Россия-Гуржистон чегарасидан 65 нафар фуқаро Украинага қайтди

Ўтган ойларда у ерга Россия Федерациясидан олиб кетилган 109 нафар украиналик Гуржистон чегарасидан ўз ватанига қайтарилди. Киев депортация қилинганларни Украина билан чегарага жўнатишга чақирмоқда.

Фото: Facebook / andrij.sybiha

Украина ҳукумати Россия ва Гуржистон чегарасидаги буфер зонадан 65 нафар фуқарони қайтарди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва ички ишлар вазири Игор Клименко Facebookʼда хабар берди.

Қайд этилишича, Украинага қайтарилганлар орасида 10 нафар аёл ва 8 нафар оғир касал бўлган. Улар Молдова ҳудуди орқали транзит ҳолда ўз ватанига етказилган. «Уларнинг барчаси Гуржистоннинг «Даряли» назорат-ўтказиш пунктида аслида Россия ҳаракатлари натижасида юзага келган гуманитар инқироз шароитида бўлган», — дея маълум қилди Сибига ва Клименко. «Украина дипломатлари ва консуллари фуқароларни қайтариш ва уларнинг чегарада бўлиш шартларини яхшилаш, хусусан, халқаро ташкилотларни жалб қилиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширди». 

Украина ТИВ маълумотларига кўра, ўтган ойлар давомида жами 44 нафар фуқаро мамлакатга қайтарилган. Шу тариқа, ўтган ойларда «Даряли» назорат-ўтказиш пунктидан қайтарилган украиналикларнинг умумий сони 109 кишини ташкил қилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид