Ўзбекистон | 16:08 / 26.08.2025
29826
3 дақиқада ўқилади

“Бўлди, иззатим битди” — Тошкент вилояти ҳокимининг матбуот котиби ишдан кетди

Беҳзод Қобуловнинг лавозимини тарк этиши собиқ депутат Феруза Бабашеванинг ижтимоий тармоқда қолдирган видеомурожаати билан бир вақтга тўғри келмоқда. У ўз мурожаатида Қобуловни унинг шаънини таҳқирлаганликда айблаган.

Фото: Беҳзод Қобулов / Facebook

2022 йил сентябридан буён Тошкент вилояти ҳокимининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келган Беҳзод Қобулов лавозимини тарк этди. Бу ҳақда у Facebook саҳифасида маълум қилди.

“Мен вазиятни ҳар томонлама мулоҳаза қилиб кўргач, Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари лавозимидан истеъфо беришга қарор қилдим.

Бўлди. Иззатим битди, менингча. Бир йилки, менга ёпишиб олиб, тун-у кун ҳалол ишлаётган, катта меҳнатлар билан келажакни қураётган ҳамкасбларим, жамоадошларимга менинг фаолиятим орқали маломат тошлари отилишига жим қараб туролмайман”, – дея ёзди Қобулов.

У “баъзи шовқинлар”га изоҳ бермаслигини билдирди.

“Асосийси, юртимизда байрам шукуҳи кезиб юрибди. Маҳалла ва қишлоқларда, шаҳар ва туманларда байрам кайфияти бор. Шундай тансиқ лаҳзаларда мен билан боғланган салбий ахборотлар оқимининг пайдо бўлганидан чин дилдан афсусдаман ва бу тезроқ барҳам топиши, масалага суд-ҳуқуқ идоралари баҳо бериши тўғри бўлади, деб ўйлайман”, – деди Тошкент вилояти ҳокимининг эндиликда собиқ матбуот котиби.

Бу истеъфо собиқ депутат ва жамоат фаоли Феруза Бабашеванинг ижтимоий тармоқда қолдирган видеомурожаати фонида рўй берди.

Феруза Бабашева ўз видеомурожаатида Қобуловни унинг шаънини таҳқирлаганликда айблаган. Унинг сўзларига кўра, бир Telegram-гуруҳда номаълум аккаунт томонидан туҳматдан иборат хабар жойланган, худди шу хабар кейинроқ Беҳзод Қобуловга тегишли экани айтилган Telegram-аккаунтдан ҳам гуруҳга икки марта такроран юборилган. Бу хабарда шундай дейилади:

“Бугун соат 16:00 да Ӯрта Чирчиқ Бойовул қишлоғи сомсахонасига аёллар йиғиламиз. Бабашова Феруз ғар эрларимизни йўлдан уришига жим турмаймиз. Отаси билан ўғлига конвертимиз бор. Жохон ва Қобил билан интим ёзишмалари қўлимда”.

Kun.uz'нинг Тошкент вилояти ҳокимлигидаги манбаси Қобуловнинг истефоси ушбу воқеалар билан боғлиқлигини инкор этмади.

Мавзуга оид