Жаҳон | 07:39 / 26.08.2025
910
2 дақиқада ўқилади

International Baccalaureate жамғармаси Россияда «номақбул» деб топилди

Бош қароргоҳи Швейцарияда жойлашган ташкилот мактаблар учун таълим дастурларини ишлаб чиқади. Бош прокуратура жамғарманинг мақсади «россиялик ёшларни Ғарб шаблонлари бўйича форматлаш» деб ҳисоблайди.

Фото: Ceri Breeze / Fotodom / Shutterstock

Россия Бош прокуратураси International Baccalaureate жамғармасини «номақбул» деб тан олди. Бош қароргоҳи Швейцарияда жойлашган ташкилот мактаблар учун таълим дастурларини ишлаб чиқади.

Жамғарма мактаб битирувчиларига 5000 та олий ўқув юртларидан бирига ўқишга киришда ёрдам беришни таклиф қилади, дея хабар беради Россия маҳкамаси. Унга кўра, ушбу таълим муассасаларида билим олиш жараёни «тарихий фактларни бузиб кўрсатиш ва миллатлараро адоватни қўзғатиш билан бирга кечмоқда». Россия Федерациясидан абитуриентларга «тақиқланган экстремистик гуруҳлар мафкурасига асосланган ноанъанавий қадриятлар сингдирилмоқда», дейилади Бош прокуратура баёнотида. Идора маълумотларига кўра, жамғарманинг асл мақсади «россиялик ёшларни Ғарб шаблонлари бўйича форматлаш»дир.

International Baccalaureate жамғармаси 1968 йилда ташкил этилган. У мактабларга 3 ёшдан 19 ёшгача бўлган болалар учун тўртта халқаро таълим дастурларини таклиф қилади. Россияда, ташкилот маълумотларига кўра, дастурлар Москва, Санкт-Петербург, Қозон ва Владивостокдаги бир қатор таълим муассасаларида қўлланади.

Россияда 2012 йилдан бери «номақбул» ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик амал қилади. Рўйхатга 250 дан ортиқ ташкилот киритилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид