Жаҳон | 19:56 / 28.08.2025
5397
2 дақиқада ўқилади

Германияда энг қиммат автобан очилди: йўлнинг 1 метри – 225 минг евро

Олти қаторли магистрал қурилиши 12 йил давом этди. Танқидчилар унинг ўта қимматлигидан норози.

Фото: Olaf Selchow

Берлин шаҳрида А100 автобанининг баҳсли участкаси очилди. Йўлнинг бир метри бюджетга 225 минг еврога тушди, деб хабар берди DW.

Таъкидланишича, бу Германияда қурилган автомобил йўлининг энг қиммат қисми. 3,2 км узунликдаги трасса Трептов ва Нойколн туманларини боғлади, олти қаторли магистрал қурилиши 12 йил давом этди. Автомобил йўли чуқурлиги 7 метргача бўлган жойдан ўтади, уни лойиҳалашда кўршапалаклар учун хавф ҳам ҳисобга олинган.

Автобан янги участкаси, масалан, шаҳар ташқарисидан Берлинга ишга борадиган одамларга ёрдам бериши, шунингдек, турар-жой кварталларидаги автомобиллар юкламасини енгиллаштириши кутилмоқда. Аммо танқидчиларнинг таъкидлашича, трасса автомобилларнинг қўшимча оқимини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, шаҳарда кўприклар, мавжуд йўллар, шунингдек, темир йўл инфратузилмасини таъмирлаш учун маблағ етишмайди.

Лойиҳа мухолифлари, шунингдек, Берлин маъмурияти транспорт сиёсатидаги тараққиётни секинлаштираётганини таъкидламоқда: Копенҳаген, Вена, Барселона ва бошқа мегаполислар пиёдалар кўчаларини очиб, велосипед йўлакларини қураётган бир пайтда, Германия пойтахти 30 км/соат тезлик чегарасидан воз кечмоқда, шунингдек, велосипед ижараси тизимини субсидиялашни тўхтатмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид