Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда Евроосиё банкининг лицензияси бекор қилинди
Қозоғистондаги Евроосиё банкининг Ўзбекистонда ўтган йили лицензия олган шу номдаги шўбаси Марказий банк қарори билан мажбурий тугатиладиган бўлди. Банк устав капиталининг минимал даражаси ва бошқа қонунчилик талабларини бажармаган.
Фото: Kapital.kz
Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 27 август кунги қарори билан, “Евроосиё банки” АЖдан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинди.
Регулятор хабарига кўра, банк томонидан устав капитали миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам талабларга мувофиқлаштирилмаган. Шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган бошқа талаблар бажарилмаган.
Марказий банк, шунингдек, Евроосиё банкини мажбурий тугатиш ва тугатиш комиссиясини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Маълумот учун, тижорат банкларининг устав капитали 2025 йил 1 январдан бошлаб 500 млрд сўмдан кам бўлмаслиги керак. 2025 йил 1 август ҳолатига, Евроосиё банкининг капитали 104 млрд сўмни ташкил этади.
Евроосиё банки – Қозоғистондаги шу номли банкнинг Ўзбекистондаги шўбаси бўлиб, 2024 йил январ ойида лицензия олганди. 2025 йил 1 август ҳолатига, банкнинг депозит ва кредит портфели нолга тенг. Кредит ташкилоти 2025 йилнинг биринчи ярмини 51,6 млрд сўм зарар билан якунлаган.
Қозоғистондаги Евроосиё банкига 1994 йилда асос солинган, бош офиси Олмаота шаҳрида жойлашган. Forbes маълумотига кўра, компаниянинг якуний бенефициарлари Ибрагимовлар оиласи, Александр Машкевичнинг ворислари ва Фаттоҳ Шодиев ҳисобланади.
Мавзуга оид
19:19 / 04.12.2025
Ўзбекистон октябрда олтиннинг энг йирик харидорларидан бири бўлди
16:32 / 28.11.2025
Фуқароларга ўз маошини оладиган банкни танлаш ҳуқуқи берилади
16:13 / 28.11.2025
Марказий банк қошида венчур фонд ва инновацион ҳаб ташкил этилади
11:26 / 28.11.2025