Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Uzcard'даги узилишлар бартараф этилгани хабар қилинди
Мобил иловалар ишлаши тўлиқ тикланиб, Uzcard карталари бўйича барча операциялар қайта йўлга қўйилди, дейилади компания баёнотида. Узилиш қарийб 3 соат давом этди.
Uzcard тўлов тизими фаолиятида юзага келган носозликлар бартараф этилди. Компания “режалаштирилмаган профилактика ишлари”нинг якунланганини маълум қилди.
“Барча техник тадбирлар муваффақиятли амалга оширилди ва ҳозирги пайтда процессинг сервисларининг фаолияти меъёрий тартибда давом этмоқда.
Мобил иловалар ишлаши тўлиқ тикланди, шунингдек Uzcard банк карталари бўйича барча операциялар қайта йўлга қўйилди.
Вақтинчалик чекловлар даврида кўрсатган тушунишингиз ва сабрингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, – дейилади Ягона умумреспублика процессинг маркази баёнотида.
28 август куни Uzcard карталари ишламаётгани ҳақида ижтимоий тармоқлардаги дастлабки хабарлар тахминан 12:40 ларда пайдо бўла бошлади. Барчаси бартараф этилгани ҳақидаги расмий ахборот эса 15:53 да эълон қилинди. Шу тариқа, носозликлар 3 соатдан ортиқроқ давом этган бўлиши мумкин.
Uzcard узилишлар вақтидаги операциялар бўйича саволлар билан банкка ёки Uzcard колл-марказига (1257 қисқа рақами) мурожаат қилишга чақирди.
Ушбу ҳолат фонида Humo тўлов тизими расмий ахборот билан чиқиб, тизим тўлиқ соз ҳолатда ишлаётганини маълум қилди. “Баъзи каналларда тарқалаётган нотўғри маълумотларга ойдинлик киритамиз: Humo хизматларининг барчаси барқарор ва узлуксиз ишламоқда”, – дейилади баёнотда.