Ўзбекистон | 12:04 / 28.12.2021
13170
2 дақиқада ўқилади

UZCARD ва HUMO ўзаро интеграция қилинди

UZCARD ва HUMO тўлов тизимларини интеграция қилиш жараёнининг биринчи босқичи якунланди. Яқин келажакда иккала тизим карталарига битта терминалда хизмат кўрсатиш мумкин бўлади.

Фото: Kun.uz

UZCARD ва HUMO терминаллари иккала тўлов тизимининг карталарини ўзаро қабул қилишлари учун такомиллаштирилган. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълумот бермоқда.

«Рақамли Ўзбекистон – 2030 стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонини бажариш мақсадида UZCARD ва HUMO тўлов тизимлари жорий йилдаги ўзаро интеграциялашувнинг биринчи босқичини якунлади. Шу тариқа ҳар иккала тизим терминалларида тўловларни қабул қилиш амалиёти намойиш этилди. Яқин келажакда кассир томонидан ҳар бир карта учун турли терминалларнинг таклиф қилиниши шарт бўлмайди — савдо ва хизмат нуқталари иккала тўлов тизимига хизмат кўрсатадиган битта аппаратга эга бўлади», дейилади баёнотда.

Интеграция меморандуми доирасида UZCARD ва HUMO қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни давом эттиради:

  • карта эгалари, банклар, тўлов ташкилотлари ва чакана савдо шохобчалари манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • технологияларни такомиллаштириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш инфратузилмасини кенгайтириш;
  • тўлов инфратузилмаси ишончлилиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш.

Мавзуга оид