Ўзбекистон | 11:38 / 30.08.2025
22694
2 дақиқада ўқилади

Марҳум Рустам Қосимов орден билан тақдирланди

Ўзбекистон президенти марҳум Рустам Қосимовни "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Мамлакат мустақиллигини ва унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ўзининг катта билим ва салоҳияти, ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатлари билан юртимизда соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, дипломатия, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш, юқори малакали кадрларни тайёрлашга қўшган улкан ҳиссаси, жамиятда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтириш, миллий ва умумбашарий қадриятларни кенг тарғиб этиш, ёш авлодни ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш йўлида кўрсатган жонбозлиги ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан таниқли давлат ва жамоат арбоби, олим ва педагог, марҳум Қосимов Рустам Собирович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.

Рустам Қосимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқиб, меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида араб тили таржимонлигидан бошлаган. Кўп йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 

2004-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган. Охирги йилларда Ўзбекистон президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифаларида ишлаб келган.

У 2021 йил 7 май куни вафот этган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид