Технология | 19:53 / 30.08.2025
23150
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ТОП-30 сунъий интеллект лидерлари рўйхати тузилди

“Юксалиш” ҳаракати ва Марказий Осиё сунъий интеллект ассоциацияси (AICA) Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасининг ривожланиши ва уни илгари суришга ҳисса қўшаётган етакчи мутахассислар, олимлар ва фаоллардан иборат “ТОП-30 сунъий интеллект лидерлари” рўйхатини тузди.

Бундан мақсад – Ўзбекистонда СИ соҳасини фаол ривожлантираётган шахсларни аниқлаш, уларнинг ютуқларини эътироф этиш ва кенг жамоатчиликка танитишдан иборат.

Рўйхатга қуйидагилар киритилди (алифбо тартибида):

  • Акмал Пайзиев — “Numeo.AI” асосчиси
  • Анастасия Маркова — “AI Lab” ҳамтаъсисчиси
  • Анвар Назаруллаев — “Mohirdev” платформаси асосчиси
  • Бахтиёр Хасанов — “UzbekVoiceAI” стартапи асосчиси
  • Бунёдбек Иброҳимов — СИ муҳандиси, PhD
  • Дилноз Муҳаммадиева — ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети профессори, техника фанлари доктори
  • Дониёр Ўлмасов — “Scale AI” муҳандислик бўлими бошлиғи (IPS)
  • Элзодхон Шарофаддинов — “Aisha AI” ҳамасосчиси, бош директори
  • Эмил Гимранов — “Uzinfocom” МЧЖ бош директори
  • Фируза Эшонова — “Mila4AI” асосчиси
  • Камилла Даминова — “Homila AI” лойиҳаси асосчиси
  • Константин Круглов — “TBC Uzbekistan” сунъий интеллект бўлими раҳбари
  • Лобар Абдуллаева — СИ ва тиббий технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотчи
  • Моҳинур Иномова — “Yoryor.net” стартапи асосчиси
  • Муҳаммадсаид Мамасаидов — “Tilmoch.AI” асосчиси
  • Надежда Ни — “Growy AI” асосчиси
  • Нодира Иброҳимова — “Launch Lab 21” директори
  • Нодир Турақулов — “Anthropic” компанияси муҳандиси
  • Олег Пекос — рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари
  • Қиличбек Ҳайдаров — “NavAI TTS” ҳамасосчиси
  • Руслан Салоҳиддинов — Meta компаниясининг СИ тадқиқотлари бўйича вице-президенти
  • Рўзмат Сафаров — “CradleAI” стартапи асосчиси
  • Самандар Турсуналиев — “AIM Lab” бош директори
  • Сардор Исломов — “Navai STT Open-Source” модели асосчиси
  • Сарварбек Садуллаев — Рақамли технологиялар вазирлиги СИ технологияларини ривожлантириш бўлими раҳбари
  • Умрбек Каримов — Рақамли технологиялар вазирлиги Сунъий интеллект инфратузилмаси ва “катта маълумотлар” бошқармаси бошлиғи
  • Улуғбек Комилов — Вашингтон университети профессори, PhD
  • Шаҳриёр Худойбердиев — “Machine Learning Community” жамияти асосчиси ва етакчиси
  • Шаҳзод Умрзоқов — “Tass Vision” стартапи асосчиси
  • Шерзод Ҳабибуллаев — “Unicon Soft” МЧЖ кузатув кенгаши раиси

Рўйхат қандай тузилган?

“Юксалиш” хабарига кўра, бу рўйхат икки босқичда шакллантирилган.

Биринчи босқичда “Юксалиш” ҳаракати AICA билан ҳамкорликда очиқ манбалар (ОАВ, илмий нашрлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар) ва Рақамли технологиялар вазирлигининг тавсиялари асосида 50 дан зиёд номзодлар рўйхатини шакллантирган.

Иккинчи босқичда AICA'нинг 1380 нафар резиденти томонидан қуйидаги 8 та мезон бўйича ҳар бир номзод баҳоланган ва қисқа рўйхат (шорт-лист) шакллантирилган:

  • амалга оширилган СИ лойиҳаларининг таъсири;
  • халқаро ҳамкорликлар;
  • инвестиция жалб қилиш қобилияти;
  • миллий стратегияда иштирок;
  • янги ёндашувлар таклифи;
  • илмий-оммавий чиқишлар;
  • СИ соҳасида таълим ва маърифат;
  • миллий ва халқаро эътироф.

“Рўйхатга киритилган лидерлардан бири Акмал Пайзиев мамлакатдаги биринчи онлайн такси (MyTaxi), озиқ-овқат етказиб бериш (Express24), HR автоматлаштириш (Workly) ҳамда GPS мониторинг (Maxtrack) хизматларини яратган. У ҳозирда Кремний водийсида фаолият юритмоқда.

Ўзбек тилида IT-касбларни (дастурлаш, Data Science, сунъий интеллект) ўргатувчи Mohirdev платформаси асосчиси Анвар Нарзуллаев СИ билан интеграциялашган таълим ечимларини жорий этмоқда.

Рўйхатда СИ йўналишида илмий тадқиқот қилаётган ва соҳани назарий жиҳатдан ўрганаётган лидерлар борлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Улар орасида сунъий интеллект ва компьютер фанлари бўйича илмий даража ва халқаро тажрибага эга мутахассис Бунёдбек Иброҳимов, СИни тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қўллашга бағишланган 20 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи ва лойиҳалар асосчиси Дилноз Муҳаммадиева кабиларни санаб ўтиш мумкин”, – дейилади “Юксалиш” тарқатган пресс-релизда.

Муаллифлар мазкур ТОП-30 нафақат соҳа ривожига туртки беради, балки Ўзбекистонда СИ фаолияти билан шуғулланувчи касб эгалари учун илҳом ва эътироф манбайи бўлишига ишонч билдирган.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид