Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Босқин остидаги 130 йил: мағлубият сабаблари, қирғинлар ва сабоқлар
Турон замини ХIХ аср ўрталарида мустақиллигини йўқотиб, 130 йил давомида босқин остида яшади. Рус истилоси Қўқон, Бухоро ва Хива давлатларини тарих саҳнидан ўчириб юборди, лекин ўзлигини унутмаган халқнинг эрк истаги сўнмади. Қизил империя қулагач, Турон халқлари уч минг йиллик давлатчилигини тиклади.
Бугун Ўзбекистон истиқлолнинг 34 йиллигини тарихий сабоқлар билан қарши олмоқда. Kun.uz сана муносабати билан, минтақамиз қандай қилиб мустамлакага айлангани ва озодлик йўлидаги тарихий жараёнлар ҳақида суҳбатлашиш учун тарихчилар Баҳром Ирзаев ва Абдували Йўлдошевни таклиф этди.
— Марказий Осиёни мустамлака қилиш қачон ва қандай бошланди?
Баҳром Ирзаев: Умуман олганда, бу саволга тарих фани ҳозирча тўлиқ жавоб бермаганини айтиш мумкин. Масалан, бугун Марказий Осиё ҳақида гапирилганда беш давлат тилга олинади, ҳар бирининг қарашлари бор. Лекин XIX асрнинг 60-йилларида асосий жараёнлар Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари билан боғлиқ бўлгани учун, истило даврини одатда шу йиллардан бошлашади. Аммо бошқа жиҳати ҳам бор: жараёнларнинг илдизи анча чуқур. Масалан, Пётр I даврида княз Бекович-Черкасскийнинг юриши Хоразм хонининг тадбиркорлиги сабаб тўхтатилгани, кейинчалик Перовскийнинг юришлари ҳам муваффақиятсизликка учрагани тарихда қайд этилган.
Қолаверса, босқиннинг бошланиши қуролли шаклда бўлмаган. Рус шарқшунослиги, география жамиятлари, ҳатто археология номи остида келган олимлар, савдогарлар, уламолар ҳам мустамлакачиликка тайёргарлик вазифасини бажарган. Улар хатлар, маълумотлар йиғиб, Россияга етказишган. Қолаверса, Бухоро ва Хоразмда дарс берган Маржоний, Қурсавий каби уламолар даврида ҳам турли ҳудудлардан талабалар келиб ўқиган, улар орқали ҳам анча маълумотлар тарқалган. Бундан ташқари, Россия ва Буюк Британия элчилари ҳам келиб, ҳарбий ва иқтисодий аҳволни ўрганган. Демак, истило жараёни узоқ тайёргарлик маҳсули эди.
Файзулла Хўжаев ҳам бу даврга ўз баҳосини берган. Унинг фикрича, Марказий Осиё хонликлари тараққиётдан ортда қолаётганди, лекин халқ Европа маданияти ва техник ютуқларига интилар, Европа ҳам минтақа бозорига қизиққан, натижада икки томонлама манфаат шаклланган эди. Лекин Эрон ярим мустамлака, Ҳиндистон эса тўла мустамлака бўлиб, Ўрта Осиёнинг дунё билан боғланишида ягона йўл Россия эди. Шу боис савдо ва иқтисодий алоқалар тобора Россия бозорига мослашиб борди.
Бундан ташқари, айрим амалдорлар имтиёз эвазига катта маълумотларни қизил империяга етказиб туришган. Натижада, 60-йиллар истилонинг бошланиши эмас, балки якуний босқичи ва охирги зарбаси бўлди. Шундай қилиб тайёргарлик асрлар давомида олиб борилган бўлса-да, 1860-1870 йилларда – жуда қисқа муддат ичида уч асосий давлатимиз Қўқон, Бухоро ва Хива ўзининг том маънодаги мустақиллигини йўқотди.
Абдували Йўлдошев: Бухоро, Хива ва Қўқон давлатлари XVIII-XIX асрларда улкан сарҳадни қамраб олган бўлса-да, ички зиддиятлар туфайли мустамлакачиликка қарши туришда заифлик қилишди. Россия империяси босқинини кўпинча қурол-яроғнинг устунлиги билан изоҳлаймиз, аммо аслида ички низолар ҳам катта рол ўйнади.
Европа тадқиқотчилари бу жараённи “катта ўйин” деб атайди. Буюк Британия ва Россия империясининг манфаатлари тўқнашган давр эди. Масалан, 1839 йилги Перовский юриши катта йўқотишлар билан якунланган, бироқ маҳаллий жангчиларимизнинг жасорати етарлича эътироф этилмаган. Агар биз қуролли жиҳатдан заиф бўлган бўлсак, ҳеч бўлмаганда бирликни сақлашимиз зарур эди. Афсуски, бу амалга ошмади.
Жадид маърифатпарварларидан Ашурали Зоҳирий бир мақоласида Қўқон хони Худоёрхон ҳақида қизиқарли воқеани келтиради. Оқмасжид босиб олинганда, хон: “Бу биздан икки ойлик масофада, бизга унча алоқаси йўқ”, деган. Атрофидагилар эса: “Бугун бу кулфат бизга ҳам келиши мумкин, Россия билан дипломатия ўрнатиш керак”, дея маслаҳат беришган. Хонга бундай маслаҳат берган кишилар эса кейин “кофир билан тил бириктирди” деб айбланган, ҳатто ўлимга ҳукм қилиниши ҳам муҳокама қилинган.
Россия армиясини тўхтатишга бўлган биринчи жиддий уриниш Учёғочда бўлган, унда Қаноатшоҳ ва Алимқул 6000 аскар билан ғалаба қозонган эди. Лекин ғалаба кимнинг номига ёзилиши масаласида ихтилоф чиққач, Алимқул қўшини ажралиб чиқади ва бу заифлик мағлубиятга олиб келади. Тошкент босиб олинганда на Қўқондан, на Бухородан ёрдам келмаган. 8 кунлик жанглардан кейин шаҳар қонга ботирилган ҳолда эгалланган. Қолаверса, рус қўшини таркибида босиб олинган ҳудудлардан ёлланган маҳаллий аскарлар ҳам қатнашган. Яъни ўзимизга қарши ўзимиз ҳам курашганмиз.
Кейинги босқичда навбат Бухорога келди. “Туркестанские ведомости” ва “Туркистон вилояти газети”да воқеалар турлича ёритилган: бири рус жамоатчилигига ғалабаларни улуғласа, иккинчиси маҳаллий аҳолига дипломатик жараёнлар тасвирини бузиб етказган. Худди шу даврда Хива юришлари ҳам бошланади. Бухоро амири Хива устига юришда Россияга ёрдам беради: от, ем-хашак, озиқ-овқат жўнатади. Бу эса “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” сиёсатининг навбатдаги кўриниши эди. Хива таланиб, тахти ва девонхона ҳужжатларигача Петербургга олиб кетилади, Бухоро амири эса Россия томонидан орден билан тақдирланади. Шундай қилиб, қисқа вақт ичида учала хонлик ҳам Бухоро, Хива ва Қўқон ўз мустақиллигидан айрилди.
Суҳбатни батафсил Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:09 / 04.12.2025
Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади
16:03 / 04.12.2025
Марказий Осиё учун бериладиган 12 млрд евронинг асосий қисми Транс-Каспий коридори учун сарфланади – ЕИ
22:57 / 03.12.2025
Экология – ниҳоят сиёсий муаммога айланяптими?
20:57 / 03.12.2025