Спорт | 12:32 / 31.08.2025
20273
22 дақиқада ўқилади

«Реал»да камбэк, «МЮ»да инфаркт қилувчи ғалаба. Кун ўйинлари

АПЛда ҳозирча «Челси» яккапешқадам, ла лигада «Атлетико» ғалабасиз серия қайд этмоқда. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Getty Images

Испания: «Атлетико» депсинмоқда

Ла Лига. 3-тур
«Реал» – «Малйорка» 2:1
Голлар:
Гулер 37, Винисиус 38 – Мурики 18.
«Реал»: Куртуа, Трент (Карваҳал 72), Милитао, Ҳаусен, Фернандес, Валверде, Чуамени, Мастантуоно (Диас 66), Гулер (Себалос 72), Винисиус (Родригу 72), Мбаппе (Гарсия 90+5)
«Малйорка»: Роман, Кумбулла, Райло, Валент, Лато (Мохика 78), Морей (Санчес 78), Морланес (Асано 87), Пабло Торре (Кошта 64), Дардер, Мурики, Жозеф (Вирхили 87)
Огоҳлантиришлар: Ҳаусен 67, Эдер Милитау 89.

Мавсум бошидаги тақвим «Реал»ни «Барселона»ни ортдан қувишга мажбур қилганди. Каталонияликлар дастлабки икки турни эртароқ ўтказган ва ўз ўйинларида ғалаба қозонганди, аммо бу сафар мадридликларнинг ўйини бир кун олдинроққа қўйилганди. «Реал» ўз уйида «Малйорка»ни қабул қилди ва бу ўйинда алоҳида интрига кутилмаётганди. Оролликлар жамоаси йил бошидан буён сафар ўйинларида фақат бир ғалабага эришганди. Аммо ўйин кутилмаган сценарий бўйича ривожланди.

«Малйорка» схемани ўзгартирди ва беш ҳимоячи билан майдонга чиқди. Жамоа бош мураббийи

а ҳимоячилардан қочиб кетиб, дарвозани ишғол этди. Фақат вазиятга VAR аралашди ва кичик офс

айд қайд этди. Биринчи бўлим давомида Мбаппенинг яна бир голи «ўйиндан ташқари ҳолат» туфайли бекор қилинди.

Кейин эса кутилмаганда «Малйорка» ҳисобни очди. Ва бу ишни Мурики амалга оширди, у биринчи турда «Барселона»га қарши ўйинда тўғридан тўғри қизил карточка ишлаганди ва дисквалификацияни ўтаб қайтишга улгурганди. Гол қайсидир маънода тасодифий чиқди. Ҳужумчи барча билан биргаликда сакради, тўп эса унинг елкасига теккан ҳолда дарвоза тўрига йўл олди.

«Реал» бунгача ҳам, бундан кейин ҳам ишончли ўйнади ва биринчи бўлимнинг ўзидаёқ мувозанатни ўз томонига оғдирди. 37-дақиқада Ҳаусен олис устун олдида барчадан баланд сакраб, тўпни бош билан Гулер ва Мастантуоно турган жойга ташлаб берди. Туркиялик яримҳимоячи илдамроқ ҳаракат қилиб, деярли бир метр масофадан туриб дарвозани ишғол этди.

Кейинги дақиқада эса «Реал» ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ўтган турда гол ва ассист муаллифи бўлган Винисиус яна ўз номини таблога ёздириб қўйди. Бразилиялик вингер жарима майдонига ёриб кириб, чап оёғида олис бурчак томон идеал зарба йўллади – дарвозабонда ҳеч қандай имконият йўқ эди. «Реал»нинг икки голи орасида атиги 73 сония ўтди.

Иккинчи бўлим бошида «Реал»нинг учинчи голи ҳам бекор қилинди. VAR бу сафар Гулерни дублдан маҳрум этди. Видеотакрор голдан олдин тўп унинг қўлига текканини кўрсатди. Унинг қўли танасига ёпишган ҳолатда эди, аммо арбитрлар буни барибир фол деб ҳисоблади. «Малйорка»да эса иккинчи бўлим давомида бир неча яхши вазиятлар юзага келди. Ҳужумлардан бирида Дардер рақиб жарима майдони томон ажойиб юриш амалга оширди, бошқасида тўп «Реал» ҳимоячиси Фернандеснинг қўлига тегди, аммо ҳакам бунга эътибор қаратмади.

Кейин эса кечанинг энг ёрқин ҳайлайти кузатилди. Захирадан тушган Кошта кучли зарба берди ва Куртуа унга ета олмаслиги тайин эди. Видеотакрорда тўп дарвоза соҳасига тўғри бораётгани ва Фернандес сакраган ҳолда тўпни олиб чиқаётганини кўриш мумкин.

Шундан кейин Алонсо учталик алмаштириш қилди – Трент, Гулер ва Винисиус ўрнига мос равишда Карваҳал, Себалйос ва Родриго тушишди. Бунинг эвазига мезбонлар ўйинни совитишга эришишди. Ўйинда ҳисоб ўзгармай қолди ва уч турда уч ғалабадан кейин мадридликлар турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Бугун «Барселона» сафарда «Райо Валекано»ни енгиб, мадридликларга етиб олишга ҳаракат қилади.

«Алавес» – «Атлетико» 1:1
Голлар:
Висенте 14 (пен) – Симеоне 7.
«Алавес»: Сивера, Диарра (Гевара 58), Теналя, Гарсес, Хонни, Ибанес (Бенавидес 80, Суарес 89), Бланко, Висенте, Гуриди (Гонсалес 57), Аленя, Мартинес (Диас 80).
«Атлетико»: Облак, Лиоренте, Ле Норман, Лангле, Ганцко (Руджери 73), Симеоне (Коке 89), Кардосо (Галлаҳер 73), Барриос, Алмада (Гризманн 73), Алварес (Распадори, 89).
Огоҳлантиришлар: Диарра 38, Гонсалес 84 – Кардосо 29, Серлот 42, Коке 90+5.

«Атлетико» эса ҳамон ғалабасиз қолмоқда. Мағлубият ва икки дуранг — Диего Симеоне жамоаси учун даҳшатли туш, лекин «Алавес»га қарши сафар ўйини қийин кечишини статистика ҳам кўрсатиб турганди. «Матрасчилар» бу жамоага унинг стадионида қаторасига уч ўйинда гол уролмаган. Бу сафарги ўйин бошида Жулиано Симеоне нохуш серияга чек қўйди, аммо голни нишонламади, чунки у Мадрид клубига қайтгунича «Алавес»да ҳам ижара асосида ўйнаганди. Мадридликлар муваффақиятни ривожлантира олишмади, ҳисоб тенглашганидан кейин ҳам кўплаб голли вазиятлар йўққа чиқарилди. Мезбонлар эса йил бошидан буён саккизинчи бор пеналти тепиш орқали ҳисобни тенглаштиришганди. «Алавес» 11 метрлик жарима зарбалари ишлаш борасида ла лигада «Реал» билан биргаликда етакчилик қилмоқда.

Англия: «Тоттенҳэм»да илк йўқотиш

АПЛ. 3-тур
«Челси» – «Фулҳэм» 2:0
Голлар:
Педро 45+9, Энцо 56 (пен).
«Челси»: Санчес, Гюсто, Адарабиойо, Чалоба, Кукуреля, Фернандес, Кайседо, Эстевао (Гиттенс 68), Педро, Нету (Жеймс 81), Делап (Жорж 14 / Сантос 81).
«Фулҳэм»: Лено, Тете, Андерсен, Бесси, Сессенион (Робинсон, 67), Лукич, Берге, Кастан (Уилсон, 60), Кинг (Смит-Роу, 67), Ивоби (Траоре, 84), Мунис (Хименес, 60).
Огоҳлантиришлар: Кайседо (38), Сантос (90+4) – Ивоби (74), Лукич (90+7).

Ўтган турда «Фулҳэм» «МЮ»га жиддий муаммо туғдирганди (1:1), энди эса «Стэмфорд Бриж» мезбонларини ҳужумкор ўйин кутаётганди. Қолаверса, ўйин дебютидаёқ «Челси» таркибида йўқотиш рўй берди. Жамоа етакчиси Палмер ортидан Делап ҳам лазаретга йўл олди. Меҳмонларнинг таркиб борасида муаммолари йўқ эди. Кўклар фақат VAR аралашуви туфайли ўйин бошидаги ҳужумлардан омон чиқишди, Кингнинг ажойиб голи бекор қилинди, ҳакамлар бу ҳужум бошланишида Родриго Муниз Чалобанинг оёғини босиб олганига эътибор қаратишди.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Кайседо Кастаннинг зарбасидан кейин дарвоза тўрига кириб кетаётган тўпни тўсиб қолди. Шундан кейин кўклар жамоаси олдинга ташланди ва бўлимга қўшиб берилган саккиз дақиқа тугаганидан кейин амалга оширилган бурчак зарбасида Энцо Фернандес ва Жоау Педрунинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобни очишди. Бу гол ўйин мантиғига умуман мос эмасди, иккинчи бўлим бошида эса меҳмонлар яна ҳакам қароридан жабрланишди. Ҳакам монитор қаршисига бориб, мезбонларнинг бир ҳужуми давомидаги бир неча эпизодни кўриб чиқди, жумладан, Педру тўпни қўл билан ўйнаганини ҳам, аммо бунга эътибор қаратмади. Лекин тўп Сесеноннинг қўлига теккани учун «Фулҳэм» дарвозасига пеналти белгилади. Энцо эса зарбани бенуқсон амалга оширди ва кўклар ҳисобни ўйин охиригача ушлаб қолишди.

«МЮ» – «Бёрнли» 3:2
Голлар:
Каллен 27 (авт), Мбеумо 57, Фернандеш 90+7 (пен) – Фостер 55, Антони 66.
«Манчестер Юнайтед»: Байиндир, Йоро (Мазравий 86), Де Лигт, Шоу, Диалло, Фернандеш, Каземиро (Шешко 72), Далот, Мбеумо, Маунт (Майну 46), Куня (Зиркзе 32).
«Бёрнли»: Дубравка, Уокер, Экдал (Уоррелл 83), Эстев, Ҳартман, Угочукву (Лоран 76), Каллен, Бруун-Ларсен (Сонне 83), Межбри (Чауна 65), Энтони, Фостер.
Огоҳлантиришлар: Фернандеш 76 – Чауна 89, Энтони 90+5, Уокер 90+7, Лоран 90+10.

«МЮ» ниҳоят омадни ўзига кулиб боқишга мажбур қилолди. Камида биринчи голни омад келиши дейиш мумкин: тўп дарвоза тўсинига тегиб майдонга қайтди, аммо «Бёрнли» сардори Калленга теккан ҳолда яна дарвоза томон йўл олди, дарвозабон Дубравка эса тўпни фақат чизиқдан ўтганидан кейингина қайтарди. Манкунианликларгача АПЛда ҳеч ким мавсумнинг дастлабки уч ўйинида рақибни икки бор автогол уришга мажбур қилолмаганди. Шу билан бирга, «қизил иблислар» стандарт вазиятлар устида ҳам ишлагани кўриниб турди. Биринчи бўлим давомида улар стандартдан яна бир гол уриши мумкин эди, аммо Маунтнинг бошда йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсинга борди, бошқа бир вазиятда меҳмонларни дарвозабон қутқарди. Барчаси назорат остида кетаётгандек эди, фақат манкунианликлар ва хотиржамлик — бир-бирига бегона тушунчалардир.

Иккинчи бўлим бошида Брун-Ларсеннинг жарима майдонига узатмасидан кейин қўриқчисиз қолдирилган Фостер ҳисобни тенглаштирганида Рубен Аморимнинг ҳолатига ҳавас қилиб бўлмасди. Тўғри, Мбемо дарҳол «Юнайтед» сафидаги биринчи голи билан мезбонларга ҳисобдаги устунликни қайтарди, аммо бу устунликни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади, ўн дақиқа ўтмасдан Энтони навбатдаги голини уриб, яна мувозанатни тиклади. Аммо айнан шу футболчи антиқаҳрамонига айланди. Ўйин тақдири ҳакам томонидан қўшиб берилган еттинчи дақиқада ҳал бўлди, Энтони жарима майдони ичида Амаднинг футболкасидан тортиб қолди ва ҳакам нуқтани кўрсатди.

Ўтган турда пеналтидан фойдалана олмаган Бруну Фернандеш бу сафар тўпни бурчакка йўллади ва худди жамоаси билан титул ютгандек хурсандчилик қилди.

«Тоттенҳэм» – «Борнмут» 0:1
Гол:
Эванилсон 5.
«Тоттенҳэм»: Викарио, Порро(Удоги, 71), Ромеро, Ван ден Вен, Спенс, Сарр (Тел, 76), Палиня (Бергвалл 54), Бентанкур, Қуддус, Ришарлисон, Жонсон (Одобер 54).
«Борнмут»: Петрович, Трюффер, Сенеси, Диаките, Смит (Ҳилл, 26), Адамс, Семенйо, Таварне (Крупи, 81), Скотт (Кристи 63), Брукс (Адли, 64), Эванилсон (Клюйверт, 81).
Огоҳлантиришлар: Семенйо (12), Петрович (72), Адамс (88), Ҳилл (90+7) – ван де Вен (14), Спенс (65).

«Тоттенҳэм»нинг икки ғалабаси жамоа мухлисларининг кутилмаларини ошириб юборганди, аммо бу тур Томас Франк шогирдлари учун кутилмаган сюрприз тайёрлаб қўйганди. «Шпорлар» танаффусга қадар бирорта зарба беролмади, бу эса жамоа учун сўнгги ўн мавсумда уй ўйинларидаги иккинчи шундай ҳолат бўлди. Таққослаш учун, «Борнмут» дастлабки 45 дақиқаликда Викарио қўриқлаган дарвоза томон ўнта зарба йўллади ва шулардан биттаси муваффақиятли чиқди. 5-дақиқадаёқ Сенеси жарима майдонида очилган Эванилсонни голли узатма билан таъминлади. Бу «Тоттенҳэм» жорий мавсумда ўтказган биринчи гол бўлди, «гилослар» жамоасига эса ғалаба учун шу гол ҳам етарли бўлди.

Италия: «Наполи»нинг характери ва Дибаланинг класси

«Наполи» – «Каляри» 1:0
Гол:
Ангисса, 90+5
«Наполи»: Мерет, Жуан Жезус (Буонджорно 68), Ррахмани, Спинаццола (Оливера 81), Ди Лоренцо, Лоботка, Де Брюйне (Ланг 81), Замбо Ангисса, Мактоминай, Политано, Лукка (Амброзино 75)
«Каляри»: Каприле, Мина, Оберт, Луперто, Адопо, Дейола, Прати (Гаэтано, 65), Пелестра (Идрисси, 83), Дзаппа (Лувумбу, 58), Фолоруншо (Ди Пардо, 83), Эспозито (Боррелли, 66)
Огоҳлантиришлар: Де Брейне 52, Жуан Жезус 67 – Дзаппа 5.

Неаполдаги ўйиннинг биринчи бўлимида амалдаги чемпионлар «Каляри» устидан устунликка эриша олмади. Фақат танаффус арафасида Мактоминайда дастлабки хавфли вазият юзага келди, аммо Каприле яқин бурчакка йўлланган зарбани бартараф этди. Ўтган мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилган ушбу шотландиялик яримҳимоячи иккинчи бўлим охирида ҳам ўйин тақдирини ҳал қилиш учун қулай вазиятга эга бўлди. Аммо унинг яқин масофадан йўллаган зарбаси тўғри дарвозабоннинг қўлига борди. Аммо бу ҳали Антонио Конте жамоаси қўлдан чиқарган сўнгги имконияти эмаслиги маълум бўлди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда яна Мактоминай яхши позицияда туриб, қайчи услубида зарба йўллашга ҳаракат қилди, фақат стандарт вазиятда марказий ҳимоячи Буонджорно қанотдан пас бериб, Замбо-Ангиссани қулай вазиятга чиқариши мезбонлар жонига ора кирди. Зерикарли кечган ўйин сўнггида ғалабани илиб кетиш орқали жанубликлар чемпионлик характерини яна бир бор намойиш этишди.

«Пиза» – «Рома» 0:1
Гол:
Суле, 55
«Пиза»: Шемпер, Лусуарди (Калабрези 64), Караччоло, Канестрелли, Туре, Марин (Стенгс 83), Эбишер, Ангори (Лерис 83), Морео (Нзола 65), Трамони, Мейстер
«Рома»: Свилар, Манчини, Ндика, Эрмосо (Зеки Челик 82), Кристанте, Коне, Анхелинио (Ренч 90+1), Уэсли Винисиус, Соуле (Ал-Айнавий 90+1), Ал-Шаъровий (Дибала 46), Фергюсон (Довбик 73)
Огоҳлантиришлар: Марин 32, Мейстер 90 – Фергюсон 33

В сериядан кўтарилган «Пиза» майдонидаги ўйинда римликлар 45 дақиқа давомида ҳужумда фаол бўла олишмади. Натижада Жан Пиеро Гасперини танаффусдаёқ Дибалани таркибга қўшди, аргентиналик ҳужумчи жароҳат туфайли мавсумолди йиғинларини деярли тўлиқ ўтказиб юборганди ва фақат чемпионат стартига бир ҳафта қолганида бўлиб ўтган сўнгги ўйинда қатнашганди. Биринчи турда «Болоня»га қарши кечган ўйинда эса Паулога 20 дақиқадан кўпроқ ўйин амалиёти берилди. Бу сафар ҳужумчи бир бўлим ўйнади ва ҳал қилувчи голни ташкиллаштирди, у жарима майдони марказида очилган Фергюсонни тўп билан таъминлади, дарвозага орқа қилиб турган ирландиялик ҳужумчи эса зарба бериш нуқтасига очилган Соулега узатма берди. Бу ғалаба голи бўлиб қолди, Дибаланинг узатмасидан кейин урилган яна бир гол эса VAR аралашуви билан бекор қилинди.

Германия: «Айнтрахт»нинг кучли старти ва «Бавария»да асабий ўйин

«Вердер» – «Байер» 3:3
Голлар:
Шмид 44 (пен), Шмидт 76, Кулибали 90+4 – Шик 5, 64 (пен), Тиллман 35.
«Вердер»: Бакхаус, Штарк, Кулибали, Агу, Сугавара, Линен, Чович (Биттенкурт, 65), Шмид, Мбангула (Шмидт, 71), Нджинма (Алверо, 65), Грюлл (Топп, 71)
«Байер»: Флеккен, Куанса, Тапсоба, Тап (Баде, 72), Андрих, Гарсия (Эчеверри, 61), Грималдо, Телла (Маза, 87), Тиллман (Паласиос, 61), Кофане (Поку, 72), Шик
Огоҳлантиришлар: Линен 37, Штарк 45, Шмидт 90 - Кофане 57, Телла 70, Куанса 86.
Четлатиш: Штарк 63 (иккинчи сариқ)

Биринчи турда жуда нурсиз ўйин кўрсатган «Байер» Бремендаг ўйинни тезкор ва чиройли гол билан бошлади. Асосий ролни Телла бажарди, у марказий зонада тўпни эгаллаб олиб, жарима майдонигача олиб борди ва Шикка намунали пас узатди. Ёзда ПСВдан сотиб олинган АҚШ миллий жамоаси яримҳимоячиси Тиллман эса муваффақиятни ривожлантирди, «Вердер» бўлим охирида ҳисобни қисқартирди, аммо 64-дақиқада меҳмонлар учинчи голни ҳам уришди. Штаркнинг қўполлиги унинг учун иккинчи сариқ карточкага айланди ва Шик пеналтидан дублни нишонлагач, Эрик тен Ҳагдан финал ҳуштагини кутиш ва бундеслигадаги илк ғалаба учун табрикларни қабул қилиш қолганди. Аммо бу фақат назарияда шундай, амалда эса Флеккен ўз ҳимоячиларини суғурталашда ўзини ғалати тутди, натижада Исак Шмидт уни алдаб ўтиб, бўш қолган дарвозани ишғол қилди. Шундан сўнг леверкузенликлар саросимага тушиб қолишди ва охир-оқибат қўшиб берилган тўртинчи дақиқада ғалабани қўлдан чиқаришди. «Вердер» учун бу икки карра тарихий лаҳзадир. Биринчидан, оқ-яшиллар жамоаси ўз тарихида илк бир киши кам бўлиб ўйнаб ҳам икки тўп фарқини йўққа чиқаришди. Иккинчидан, ҳисобни тенглаштирган голни урган Кулибали бременликларнинг бундеслигада гол урган энг ёш футболчиси (18 ёшу 99 кунлик) бўлди.

«Ҳоффенҳайм» – «Айнтрахт» 1:3
Голлар:
Премел 90+1 – Доан 17, 27, Узун 51.
«Ҳоффенҳайм»: Бауманн, Гранач (Ҳайдари, 72), Чавес, Бернарду (Прасс, 86), Цоуфал, Авдуллаҳу, Тухумчи (Премел, 59), Крамарич (Дамар, 59), Туре, Асллани (Моэрстедт, 73), Лемперле
«Айнтрахт»: Цеттерер, Кох, Коллинз, Теат, Кристенсен (Ҳойлунд, 82), Шаиби, Ларссон, Узун (Браун, 63), Баойя (Кнауфф, 63), Доан (Бута, 78), Ваҳи (Батшуайи, 82)
Огоҳлантиришлар: Тухумчи 57 – Шаиби 45, Бута 84.

«Айнтрахт» бир ҳафта олдинги таассуротларни мустаҳкамлади ва ҳужум етакчилари - Мармуш ва Экитикедан айрилишни оғриқсиз ўтказганини намойиш этмоқда. Биринчи турда «бургутлар» сафида Жан Узун ва Баойя бошчилигидаги ёшлар яккахон чиқиш қилган бўлса, «Ҳоффенҳайм» майдонида кечган 2-тур ўйинида Доан катта саҳнага чиқди. Франкфурт клуби шу ёзда «Фрайбург»дан 21 миллион евро эвазига сотиб олган япониялик футболчи дубл билан ўзига сарфланган пулларни оқлашни бошлади. У Германия кубогида ҳам «Айнтрахт» сафида расмий дебют қилган куни дубл қайд этганди ва энди ўн дақиқа ичида иккита голли зарба билан «қишлоқ жамоаси»ни доғда қолдирди. Бундан ташқари, Доан иккинчи бўлим бошида Узунга ҳисобни йирик кўринишга олиб чиқишга ёрдам берди. Ҳозирча Дино Топмеллер жамоаси бундеслигада «Бавария»га рақобат қилишга уриниб кўриши мумкин бўлган ягона жамоа бўлиб турибди. Шуниси эътиборлики, «Айнтрахт» XXI асрда фақат иккинчи марта (2012 йилдан бери биринчи марта) чемпионатни иккита ғалаба билан бошлади.

«Аугсбург» – «Бавария» 2:3
Голлар:
Якич 53, Комур 76 – Гнабри 28, Диас 45+4, Олисе 48.
Аугсбург: Дамен, Матсима, Гауэлеу, Шлоттербек, Волф, Жакич, Массенго (Бэнкс, 90), Яннулис (Каде 64), Феллҳауэр, Саад (Титц 64), Комур.
«Бавария»: Нойер, Лаймер (Боэ, 71), Упамекано, Та, Станишич, Киммиҳ, Горецка (Павлович 71), Олисе, Гнабри (Геррейру 86), Диас, Кейн.
Огоҳлантиришлар: Гауэлеу 31, Шлоттербек 86, Цезигер 90 – Лаймер 60, Олисе 60, Диас 90, Боэ 90.

Бу ҳафта «Бавария» ҳам бўшашиши мумкинлиги кўрсатди. Ҳафта ўртасида Германия кубогида ҳам мюнхенликлар учинчи дивизион вакили «Веен»га қарши ўйиннинг фақат қўшимча дақиқаларида ғалабага эришган (3:2) ва мухлисларни асабийлашишга мажбур қилганди. Ўшанда Кейннинг голи ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди, шанба куни эса Ҳарри Гнабри ва Олисега ассистентлик қилиш учун майдонга тушганди, Диас эса қаторасига иккинчи турда ўз номини таблога ёздириб қўйди. «Аугсбург» 0:3 ҳисобидан кейин синиб қолмади ва иккинчи бўлим бошида Якич ўзини кўрсатди. У аввалига ҳисобни қисқартирди, кейин Мерт Комурга ассистентлик қилди. Мавсумлар оралиғида «Аугсбург» бошқарувига келган Германия терма жамоаси собиқ форварди, бунгача терма жамоада Юлиан Нагелсманга ассистентлик қилган 37 ёшли Сандро Вагнер бу ўйин учун шогирдларидан мамнун бўлиши мумкин.

Франция: «ПСЖ»нинг рекорди

«Тулуза» – «ПСЖ» 3:6
Голлар:
Чарли Крессуэлл 37, Янн 89, Восса 90+1 – Невеш 7, 14, 78, Барколя 9, Дембеле 31 пен., 51 пен.
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Кассерес, 45+8’
«Тулуза»: Ресте, Крессуэлл, Николайсен (Каманзи, 63), Маккензи, Кассерес, Сауэр (Восса, 63), Метал (Коумбасса, 79), Сидибе (Эджума, 63), Гбоо, Деннум, Магри (Идалго, 70)
«ПСЖ»: Шевале, Бералдо, Забарний, Нуну Мендеш (Пачо, 46), Ҳакими, Витиня (Заир-Эмери, 46), Руис, Жоау Невеш, Барколя (Мбай, 75), Дуэ (Кварацхелия, 63), Дембеле (Рамуш, 70)

Европа Суперкубогидан бир ҳафта олдин таътилдан қайтган «ПСЖ»Франция чемпионатини минимал ҳисобдаги ғалабалар билан бошлаганди. Иккита 1:0 ҳисобидаги ғалаба Луис Энрике жамоаси учун ноодатий натижа эди. Аммо аста-секин парижликлар қизиб олиши аниқ эди ва бу учинчи турга келиб содир бўлди. «Тулуза» олдинги икки турда дарвозасидан тўп ўтказмаган ва 100 фоизлик натижа қайд этиб, турнир жадвалида тўплар нисбатига кўра амалдаги чемпионни ортда қолдираётган жамоа эди, бу ўйинда эса чорак соат ичида учта зарбани ўтказиб юборди. «ПСЖ» ҳеч қачон ва ҳеч қайси турнирда бунчалик тез учта гол урмаганди.

Жоау Невеш ва Барколя биргаликда тарих ёзишди. Биринчи бўлим якуни эса Шеваленинг бенефисига айланди. Парижликларнинг янги биринчи рақамли футболчиси Магри ижросидаги пеналтини қайтарди ва ҳакам нуқтадан такрорий зарба ижро этиш кераклигини кўрсатганида эса Кассерес ҳам унинг қаршисида ожиз қолди. Венесуэлалик футболчининг марказга йўллаган зарбаси кўкрак билан қайтарилди. Дембеле эса ушбу футболчиларга сабоқ бериб, иккинчи бўлим давомида икки марта 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга оширди. Невеш эса ўйин охирига бориб фаолиятидаги илк ҳет-трикка эришди. Шанба кунги ўйин календар йилдаги 46-учрашуви бўлган Дуэнинг кўрсаткичини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Топ-5 лигаларда ҳеч ким бунчалик кўп ўйнамаганди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид