Аёллар дунёси | 18:49 / 01.09.2025
4120
4 дақиқада ўқилади

Аёллар ёки эркаклар — фирибгарлар кимни кўпроқ алдашади?

Кўпчилик "фирибгарлик" деганда фақат банк картаси маълумотлари ўғирланишини ёки SMS орқали юбориладиган кодларни ўйлайди. Аммо бу жуда чекланган тасаввур. Улар жуда кўп. Хўш, қайси жинс вакилларини қандай фирибгарлик билан алдаш осон?

Фото: Андрей Любимов

Киберфирибгарликлар турлари нималардан иборат?

Киберфирибгарликлар интернет орқали амалга ошириладиган турли хил алдовлар бўлиб, уларни бир нечта асосий турларга ажратиш мумкин:

1.Романтик фирибгарликлар (Romance Scams). Бу турда фирибгарлар одатда, танишув сайтлари ёки ижтимоий тармоқларда сохта профил яратади, эмоционал яқинлик ўрнатиб, ишонч қозонади, турли баҳоналар билан (касаллик, қариндошининг муаммоси, авиабилет пули, визани расмийлаштириш ва ҳ.к.) пул сўраши мумкин.

Кимлар қурбон бўлади?

  • Ёлғиз инсонлар, ёлғизликни ҳис қилганлар;
  • Муносабат излаётган катта ёшли кишилар;
  • Меҳрибон ва ишонувчан шахслар, кўпинча аёллар.

Фирибгарлар жуда манипулятив, мулойим, эмоционал ёндашади. Суҳбатлар ҳафталаб, ойлаб давом этади — инсон бу алоқани ҳақиқий деб ҳисоблайди.

2. Инвестиция ва молиявий фирибгарликлар (Investment & Crypto Scams). Бу турдаги алдовларда “осон даромад”, “йирик фойда” ваъда қилинади. Фирибгарлар ўзини трейдер, инвестор ёки криптовалюта мутахассиси қилиб кўрсатади. Сиздан аввал оз миқдорда пул сўрашади, кейин фойда кўрсатиб, янада кўпроқ маблағ талаб қилишади.

Кимлар қурбон бўлади?

  • Тез бойишни хоҳлаганлар;
  • Молиявий саводхонлиги паст бўлганлар;
  • Одатда, эркаклар ва 30 ёшдан юқори инсонлар.

“Қонуний” вебсайтлар ва графикалар орқали алдовга жуда ишончли кўриниш беришади. Илк транзакциялар "муваффақиятли" чиққандек кўрсатилади.

3. Online shopping scams (савдо алдовлари). Ёлғон интернет магазинлар ёки ижтимоий тармоқлардаги рекламалар орқали "арзон" товарлар таклиф этилади. Пул тўланганидан сўнг товар етказилмайди ёки сифатсиз бўлади. Айрим ҳолларда шахсий маълумотлар ҳам ўғирланади.

Кимлар қурбон бўлади?

  • Интернет орқали тез-тез харид қиладиганлар;
  • Чегирмалар ва "эксклюзив таклифлар"га мойил бўлганлар.

4. Tech support scams (техник ёрдам фирибгарликлари). Фирибгарлар ўзини Microsoft, Apple ёки банкнинг “техник ходими” деб таништиради. Компьютерингизда вирус бор деб айтилса, сиздан дастур ўрнатишни ёки қўшилишни сўрашади. Сўнгра пул талаб қилинади ёки сизнинг қурилмангиз назоратига эга бўлишади.

Кимлар қурбон бўлади?

  • Ахборот технологияларини яхши билмайдиган катта ёшдаги инсонлар;
  • Компьютеридаги муаммони тез ҳал қилишни хоҳлаганлар.

Романтик фирибгарликларда аёллар, инвестицион фирибгарликларда эркаклар кўпроқ алданишади

Ҳар бир жинс турли фирибгарликларга қарши турли даражада раекция билдиради. Тадқиқотлар ва статистика натижаларига кўра, аёллар ва эркаклар ҳар хил турдаги киберфирибгарликларда қурбон бўлиш эҳтимолига эга. Жинсларга кўра фирибгарликларда қурбон бўлиш тенденциялари турлича бўлиши мумкин.

Австралиянинг ScamWatch маълумотига кўра, 2019 йилда романтик фирибгарликлар бўйича аёллар 54.9% ҳисобда, эркаклар эса 43.3% ҳисобда қурбон бўлган. Бунда ялпи зарар суммасининг 75.3%и аёлларга тегишли, эркаклар улуши эса 24.6%.

Бироқ умумий йўқотишларга қараганда эркаклар ўртача кўпроқ пул йўқотган. Миллиард долларларгача зарар Австралия, АҚШ каби мамлакатларда ҳисобланмоқда, чунки эркаклар махфий инвестиция фирибгарликларига мойил бўлиб, катта суммада пулларни сарфламоқда.

Австралия мисолида 2024 йилда романтик фирибгарликлар бўйича аёллар $20.1 млн, эркаклар эса $13.3 млн зарар кўрган. Филиппин пойтахти Манилада аниқланган фирибгарлик жиноятида 5000 га яқин эркаклар крипто инвестиция ваъдаси орқали алданган. Инвестицион фирибгарликларда 35 ёшдан катта эркаклар кўпроқ қурбон бўлиши аниқланган.

Илмий таҳлиллар шуни кўрсатдики, одатда эмоционал жиҳатдан сезгир ва руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш излаган инсонлар фирибгарликларда қурбон бўлиш эҳтимолини орттиради.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид