Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Одамлар англамагунча, бу империя қуламайди” – кибержинояти учун қамоқда ўтирган маҳкум
2025 йилнинг 11 ойида кибержиноятчилар ўзбекистонликларнинг банк карталаридан қарийб 2 трлн сўм ўғирлаган. Шундай жинояти учун жазо муддатини ўтаётган 22 ёшли маҳкум Kun.uz билан суҳбатда кибержиноятлар ортида қандай тизим тургани, одамлар қандай алданиши ва нега бу “империя” ҳали узоқ яшаши ҳақида гапирди.
Кибержиноят – бу оддий фирибгарлик эмас, балки иерархияси, вазифалари ва ички қоидалари бўлган яширин индустрия. У ерда одамлар бир-бирини танимайди, қаердалигини билмайди, аммо минглаб инсонларнинг банк карталари ва шахсий маълумотлари устида ишлайди.
“Бу худди империя эди”
Kun.uz суҳбатлашган 22 ёшли маҳкумнинг айтишича, у дастурлашга қизиққан ва 16 ёшидан бошлаб бир неча йил давомида шундай гуруҳлардан бирининг аъзоси бўлган.
“Адашмасам 2022 йил эди, ўзимизга ўхшаган – пластикдан пул ечадиган скаммерлар гуруҳимизга видео ҳаволасини ташлашди. Кирсам “Субъектив” лойиҳаси экан. Улар одамларни огоҳлантириш учун бизнинг гуруҳга кириб, ҳаммасини ўрганиб тўлиқ ёритган, ишимизнининг ҳаммасини тушунтириб берган.
Гуруҳда ўша пайтда оммалашган ҳар хил иловаларнинг фишинг сайтларини ясаб одамларга қармоқ ташлардик. “Пул ютилди”, “пул бериляпти” деган фирибгарлик усуллари билан карталардан пул ечиларди. Одамлар бунга ишониб пул оламан деб карта рақамларини ёзиб, ўз пулини бериб қўйганини билмай қолишарди. Гуруҳда 400 нафарча одам бор эди, ичида 8 та админстрация [етакчилар] бор, қолганлари оддий ишчилар эди – воркерлар, “мошенник”лар ишларди. Биз бот яратганмиз, ўша ботдан автоматик ҳавола бериларди. Ишчилар ўша ҳаволалар билан одамларни алдашарди. Алданганлар карта маълумотларини сайтга киритганда бизга келарди. Картасига кириб операцияларни бажарар эдик. Пул ечардик, бу пулни хавфсиз жойга ёки хорижга чиқарардик. Бу худди империя эди”.
Минглаб одамларнинг шахсий маълумотлари фирибгарлар қўлида
Унинг айтишича, кибержиноятчиларнинг асосий қуроли: одамларнинг ишонувчанлиги ва шахсий маълумотларга нисбатан бепарволиги.
“Ботда яратилган ҳаволалар орқали одамлар ўз шахсий маълумотларини юборишади. Бу маълумотлар бизнинг базамизга келиб тушади. Мана шу резервга тушган маълумотлар сотилади. Шунақа ёпиқ гуруҳлар бор, уларга махсус таклиф орқали кирилади. Уларда одамларнинг шахсий маълумотлари сотилади. Ўзбекистонда 37-38 млн аҳоли бўлса, шундан 500 минггача одамнинг маълумотлари бор. Хоҳлаганингизни олиб ишлатаверасиз.
Биздан жабрланганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Мен тўхтатганимдан кейин ҳам бу тўхтамади. Тўрт йилдан бери тўхтамай келяпти. Бу нарсани тўхтатишнинг иложи йўқ, чунки мен тўхтатганим билан мендан бошқаси бор. Ёки у тўхтатса ундан бошқалари бор, ишлаётганлар жудаям кўп. Буни тўхтатишнинг ягона йўли – халқ огоҳ бўлиши, ишонмаслиги керак. Халқ ўз маълумотларини бермаса, ҳеч қачон картасидан пул ечилмайди”.
“Умрим билан тўлаяпман”
“Ўша пайтда пул ечиб маза қилиб юргандирман. Бироқ ўшанда шу пуллар уларга нимадир учун керак бўлгандир деб ўйламаганман. Хозир виждоним қийналади. Иложи борича эгаларига пулларни қайтариб бердим. Ўшанда маза қилганларимни умрим билан тўлаяпман. Кимдир қора меҳнат, кимдир ақлий меҳнат қилиб пул топади. Мен пул топдим – ўзимнинг умрим эвазига, умримни қурбон қилиб пул топдим. Буни кўчада юрган бир кунимгаям алишмайман. Соғинч қийнайди одамни. Пул одамнинг кўзини кўр қилиб қўяр экан, ҳеч нарса кўзга кўринмаган ўшанда.
Балки улар қарғагандир мени, шунинг учун ҳам шу ерда ўтирибман. Эртага бунинг яна қанақа жавоби борлигини билмайман. Бу жавобдан ташқари оила аъзоларимга қарғиш тегишидан қўрқаман”.
Мавзуга оид
21:32
6 вилоятда Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди
12:12 / 01.06.2026
Тошкентда газ тармоғига улаш билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди
09:46 / 26.05.2026
Тошкентда уй савдоси билан боғлиқ можаро тергов қилинмоқда
15:54 / 25.05.2026