Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Унутмоқ осонмас бизларни” – Охунжон Мадалиев хонадонидан репортаж
Мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан Шавкат Мирзиёев илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорларни мукофотлади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Охунжон Мадалиев ҳам “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Kun.uz мухбири Олтиариқ туманидаги Янгиараб қишлоғида – хонанда яшаган хонадонда бўлиб, марҳум қўшиқчининг яқинлари билан суҳбатлашди.
“Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан байрам арафасида отамга “Меҳнат шуҳрати” ордени берилди. Қарангки, ўтганларига 25 йил бўлган бўлса-да, ҳали-ҳануз отамнинг қилган меҳнатлари, хизматлари эл-юртимизнинг ва президентимизнинг эсларидан чиқмагани бизни жудаям қувонтирди.



Бу катта эътироф, катта эътибор. Бу ҳақида ўзимнинг Instagram саҳифамга қўйганимда минглаб одамлар хурсанд бўлиб, ўз фикрларини ёзишди, юртбошимизга раҳмат айтишди. Албатта, бу нафақат бизнинг оиламиз, балки қишлоғимиз, туманимиз, вилоятимиз ва бутун Ўзбекистонимиздаги санъатсевар халқимизни ҳам хурсанд қилди.
Мен ҳам қўшиқ айтишни бошлаганимга 20 йил бўлган бўлса, лекин ҳали отамнинг ҳамма қўшиқларини айтиб улгурганим йўқ. Жудаям кўп қўшиқлар яратишган. Жудаям сермазмун, баракали ижод қилишганини энди-энди тушуниб етяпман-да. Жудаям кўп қўшиқлари бор. Отамнинг қўшиқлари сўралмаган куннинг ўзи йўқ. Деярли ҳар куни сўралади. Умуман олганда, ўзимнинг қўшиқларимдан кўра барибир кўпроқ қаерга борсам, отамнинг қўшиқларини айтаман.
Отам оналарини, яъни бувимни жудаям яхши кўрганлар. Аввал эски ҳовлимизда бирга яшаганмиз. Кейинчалик янги ҳовлига алоҳида бўлиб кўчиб чиққанимиздан кейин, айнан бувим учун алоҳида хоналар солишган, шароитлар қилинган. Ҳар куни отам эрталаб тўйга кетаётганларида, албатта, бувимнинг олдиларига тушиб, бирга нонушта қилиб, дуоларини олиб, кейин тўйга кетардилар.
Тўйдан кеч келсалар ҳам, онамдан сўрарканлар: “Бувимга обед жўнатдингизми, кечки овқат жўнатдингизми?” деб. Лекин ерда ҳам бувим ўзлари ёлғиз бўлмаганлар. Амаким оилалари билан у ёқда қолганлар. Барибир бу ерда қилинган овқатдан ҳам, албатта, бувимга юбориш керак бўлган-да, шунақа одат бўлган. Ҳеч шу нарсалар эсдан чиқмасди. Жудаям яхши кўрганлар. Сабаби бувим раҳматли ҳам ўзлари кўп интервюларда айтган: “жуда қийналиб катта қилганман”, деб. Улар оддий қишлоқнинг оддий одамлари бўлишган. У пайтда далаларга чиқиб меҳнат қилишган. Қолаверса, отам ўзи кенжа фарзанд бўлганлар-да. Шунинг учун ҳам бувим ҳам отамни жудаям яхши кўрганлар.

Мен ўйлайманки, қийинчилик билан катта қилганларини отам юрак-юракларидан ҳис қилганликлари учун ҳамми. Мен эслайман бу нарсани аниқ. Бувим нима десалар, айтган нарсалари жойида бўларди. Жуда кўнгилларига қаттиқ қарардилар. Ҳеч қачон хафа бўлмасин, нимадир зарурият бўлиб қолмасин деб, ҳар доим мана шу эътиборда турардилар. Мана шу уйларимиз қурилишида ҳам ҳали усталар ишлаётган пайтдаёқ: “буви, юринг, бир сизга янги уйимизни кўрсатиб келай. Фалонча ўзгариш бўлди”, деб, яъни ҳалиги иморат битишни бошлаганда нимадирлар кўзга кўринишни бошлайди-ю барибир. Ўзлари олиб чиқиб, айлантириб, кўрсатардилар, “мана, бу ерда мана бунақа хона қиламан, мана бу ерда мана бунақа қиламан, мана бу уй сизга”, деб. Мен туғилган ҳовли, у бу тарафлар энди ўша пайтда дашт дейилган. Биз эски ҳовлимизнинг паст тарафида борганмиз.

Ўша пастки ҳовлимиз деймиз. Эски пастки ҳовлимизда туғилганман. Ўша ерда яшаганмиз. Отамнинг акалари бор эди, раҳматли бўлдилар. Амаким билан ўша биз турган ҳовли ёнма-ён бўлган. Амаким ҳам кейин бу ёққа ўтдилар. Бувим ўша ҳовлида қолдилар. Бу ёққа келишни хоҳламадилар. Сабаби энди ҳалиги бувамиз ҳам раҳматли бўлиб кетган эдилар. Ўшанинг учун отамга айтарканлар-да: “йўқ, мен у ёққа чиқмайман. Отангнинг руҳлари мана шу ерга келади. Мана шу ернинг чироғини ёқиб ўтираман, мана шу уйим менинг. Шу ерда ўтираман”, деб. Лекин айтяпман-ку, ҳар куни эрталаб отам, албатта, у ҳовлига тушардилар. Нонушта у ёқда бўларди.

Агар вақтлари бўлса, умуман олганда овқатланадиган имконият бўладиган бўлса, биз эски ҳовлимизга тушардик. Ёки бувим бу ёққа олиб чиқиларди. Имкон топсалар отам бувим билан бирга дастурхон устида ўтиришни маъқул топардилар. Биз шуни кўриб ўрганганмиз. Отамдек инсон бўлиш қийин. Бағрикенглик, меҳридарёлик, ҳар кимда ҳам бўлавермайди бунақаси”, дейди Охунжон Мадалиевнинг ўғли Қиличбек Мадалиев.
“Президентимиз мукофотни берганидан, авваламбор, жуда ҳам хурсандмиз. Нафақат оиламиз, бутун Ўзбекистон Республикасидаги Охун аканинг мухлислари жуда катта хурсандчилик билан қарши олишди. Ҳозиргача мана, телефон орқали ҳаммалари бизни табриклашяпти. Мана шу Охун акамнинг қилган меҳнатларини шундай даражага кўтариб, шундай орденларни берганига Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.
Турмуш ўртоғим “она-ўғил” рамзи бўлган. Унда ёш эдим, болаларим кичкина эди. Торларини кўтариб, хизматга чиқиб кетишар эди ҳар куни, онамнинг дуосини олиб, унда онамиз билан бирга яшардик. Турмуш ўртоғим онамни, яъни қайнонамни биринчи ўринда кўрган, ниҳоятда ҳурматини жойига қўйган. Гастролга кетишса ҳам, 10 кун, 15 кунга онамдан хабар олиб туринг, мен сизга ишонаман деб топшириб кетар эди. Онанинг ҳурматини жойига қўйганини энди мен бошқа жойда кўрмаганман-у, лекин оилада шунинг гувоҳи бўлдим, кўрдим.

Хизматга кетадими, шошилиб турадими, халқ хизматда кутиб турса ҳам, биринчи ўринда онамнинг дуосини олиб, кейин хизматга чиқиб кетишар эди. Келганларида ҳам онамнинг олдига тушиб, уйқусида бўлса ҳам кўриб, юзларини силаб, дуоларини олиб кейин уйга кирар эди. Ниҳоятда онам бебаҳо она эди, дилбар она эди.

Онам 42 ёшида эканида Охунжон акам туғилган экан. Комилжон Отаниёзов, Олмахон Ҳайитованинг қўшиқларини эшитганда, шуларнинг хизматини қилсам деб ният қилган экан. Туғма истеъдод бор эди-да Охун акада. Унақа инсон дунёга 100 йилда бир марта келади. Инсонпарвар, кўнгли очиқ, катта-ю кичикка бир хил ҳурмат-иззатда бўлиб, ҳаммани бир хил кўрар эди. Маҳалладаги катта-кичикларга бир хил ҳурмат-иззатда бўлишган.

Охун акам, онам борлигида уйимиз қандайдир файзли эди. Уйимизда кечгача меҳмон бўларди. Унда ёш келин эдим, уларга хизмат қилиб, овқатларини қўйиб, барибир ўшаларни кўриб ўзим қувониб, чарчаганимни ҳам билмасдим. Дастурхонимиз доим кечгача очиқ турар эди. Қўни-қўшнилар чиқмаса чақиришар эди. Онам жуда одамни яхши кўрар эди. Одамлар билан бирга ўтириб, маза қилиб, хурсанд бўлиб, суҳбатлашиб ўтиришни яхши кўрар эди. Уйда ҳеч ким бўлмаса зерикиб қолар эди”, дейди Охунжон Мадалиевнинг турмуш ўртоғи Ҳабибахон Мадалиева.

Охунжон Мадалиев Нусратович 1963 йил 21 майда Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Янгиараб қишлоғида дурадгор Уста Нусрат оиласида дунёга келган.
1980 йилда ўрта мактабни тамомлаб, 1981 йилда ҳужжатларини Фарғона давлат педагогика институтининг мусиқа факултетига топширган.
1985 йилда институтни муваффақиятли тамомлаб, йўлланма билан Олтиариқ туманидаги 26-сонли ўрта мактабда мусиқа фани ўқитувчиси бўлиб ишлади.
Кейинчалик Ҳунар техника билим юртида, бир оз вақт ўтиб, Фарғона Давлат филармониясида яккахон солист сифатида фаолият юритган.
1989 йили Тошкент шаҳрида “Камолот 89” кўрик танловида ғолиб бўлиб, шу йилнинг декабр ойида Халқлар дўстлиги саройида илк яккахон концерт дастурини тақдим этган. Кейинчалик хонанда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон Республикаларида концерт берган.
Қўшиқчилик санъатига қўшган муносиб ҳиссаси учун Охунжон Мадалиев 1997 йил 26 августда Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
1999 йил 25 августда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлган.
2025 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Кўрсатувнинг тўлиқ қисмини Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Мавзуга оид
18:28 / 11.06.2026
Маданиятга тикилган пуллар, санъаткордан вазирликка, интернет маданиятчилари – вазир Назарбеков билан суҳбат
23:03 / 02.06.2026
Саида Мирзиёева маданият ва санъат соҳаси ривожи учун мўлжалланган фармонни олқишлади
22:46 / 02.06.2026
Маданият, санъат ва адабиёт соҳаси учун кенг кўламли имтиёзлар эълон қилинди
15:09 / 01.06.2026