Молия | 11:00 / 02.09.2025
2719
2 дақиқада ўқилади

Германияда ишсизлар сони уч миллиондан ошди

Европанинг энг катта иқтисодиёти ўн йил ичида илк марта 3 миллионлик ишсизлик кўрсаткичи билан юзлашди. Ҳукумат иқтисодиётни рағбатлантириш учун 500 млрд долларлик дастурни бошлаган, иқтисодчилар бунга қўшимча тарзда чуқур таркибий ислоҳотлар ҳам зарурлигини айтмоқда.

Фото: Reuters

Германияда ишсизлик сони сўнгги ўн йилликда илк марта 3 миллиондан ошди. Меҳнат биржаси 29 август куни берган маълумотга кўра, мавсумий ўзгаришларни ҳисобга олмаган ҳолда умумий ишсизлар сони 3,02 миллион кишини ташкил этмоқда, бу – ўтган ойдагидан 46 мингга кўп.

“Ишсизликнинг ошиши кутилмаган ҳолат эмас. Шунга қарамай, рақамлар ўсиш ва бандликни таъминлаш учун ислоҳотлар қанчалик кераклигини кўрсатяпти”, – дея муносабат билдирди канцлер Фридрих Мерц.

Ишчи кучига талаб секинлашяпти. Август ойида вакант ўринлар сони 631 мингта эди, бу бир йил олдингидан 68 мингтага кам.

Германия меҳнат вазири Бербел Баснинг сўзларига кўра, глобал иқтисодий ноаниқлик ва Россия Украинада бошлаган урушнинг таъсирлари ҳамон давом этмоқда. У ҳукумат кўраётган чоралар қаторида фискал қоидалар юмшатилиб, 500 млрд евролик инфратузилма жамғармаси яратилганини айтди.

Бундай катта сармоя иқтисодиётни рағбатлантириши кўзда тутилган, лекин иқтисодчиларга кўра, бу чоранинг самараси тўлиқ амалда кўринишига бир неча йил вақт керак. Мутахассислар Европанинг энг йирик иқтисодиётидаги чуқур илдизларга эга муаммолар ечими учун таркибий ислоҳотлар зарурлигини айтмоқда.

“3 миллион кишининг ишсизлиги – охирги йилларда ислоҳотлар зарурлиги инкор қилиб келинганини кўрсатувчи айблов хулосаси демакдир. Германия ҳақиқий “ислоҳотлар кузи”га муҳтож”, – деди BDA иш берувчилар ассоциацияси президенти Рейнер Дулгер.

Кўплаб оилалар келажакдан хавотирланиб, маблағларни имкон қадар тежаб ишлатишга ҳаракат қиляпти. Бунинг натижасида июл ойида чакана савдо кутилганидан кўра кучлироқ пасайди, бу эса учинчи чоракда истеъмол кайфияти янада пасайиши мумкинлигини кўрсатади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид