Жаҳон | 21:53 / 02.09.2025
12453
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Хитойга қизи Ким Чжу Э билан борди

КХДР раҳбари Хитойга биринчи марта ўз вориси бўлиши тахмин қилинаётган қизини олиб борди.

Фото: KCNA

КХДР етакчиси Ким Чен Ин Хитойга қизи Ким Чжу Э билан борган бўлиши мумкин, деб хабар берди Yonhap агентлиги Жанубий Корея Миллий разведка хизматига (NIS) таяниб.

NIS бу ҳақда Ким Чен Ин Иккинчи жаҳон уруши якунланиши муносабати билан ўтказиладиган маросимда иштирок этиш учун зирҳли поездда Пекинга борганидан кўп ўтмай маълум қилди.

«Корея марказий телеграф агентлиги» томонидан эълон қилинган сафар фотосуратларида Шимолий Корея етакчиси ёнида ёш қиз тургани кўринади. NIS бу Ким Чжу Э эканини тахмин қилмоқда.

«Ким Чен Ин Хитойга ташрифи чоғида қизи Ким Чжу Эни ўзи билан олиб кетганга ўхшайди», деб маълум қилди разведка.

NIS маълумотларига кўра, бу Ким Чен Иннинг қизи ҳамроҳлигида Хитойга биринчи ташрифи - у илгари рафиқаси Ли Сол Чжу билан борган. Yonhap Ким Чжу Э 2022 йилдан бери мунтазам равишда расмий тадбирларда отасининг ёнида пайдо бўлишини эслатди.

2024 йилда NIS Жанубий Корея парламентига тахминан 10-13 ёшли Ким Чжу Э давлат бошқаруви бўйича ўқиётганини маълум қилди.

Унинг жамоатчилик фаолиятининг 60 фоизга яқини отаси билан бирга ҳарбий ва иқтисодий тадбирларга бориши билан боғлиқ. КХДР оммавий ахборот воситаларида у «хяндо» - етакчилар ёки уларнинг ворисларига нисбатан қўлланиладиган унвон билан аталади. Шу билан бирга, разведка ўринбосар сифатида бошқа одам танланиши мумкинлигини истисно қилмайди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид