Иқтисодиёт | 12:00 / 02.09.2025
1552
2 дақиқада ўқилади

Кувайтда Ўзбекистон маҳсулотларининг минтақавий маркази ташкил этилади

Кувайтнинг Arab Times кунлик газетаси "Тошкент Кувайт билан стратегик алоқаларни мустаҳкамлайди" сарлавҳа остида Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов билан суҳбат чоп этилди.

Интервюда Ўзбекистон-Кувайт муносабатлари сўнгги икки йил ичида фаол ривожланиб, янги модел шакллангани, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил феврал ойидаги Кувайтга бўлган тарихий расмий ташрифи билан янада мустаҳкамлангани таъкидланган.

"Ушбу ташриф якунида савдо, сармоя, энергетика, инфратузилма, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларида 9 та битим ва англашув меморандумлари имзоланди", – деган элчи.

Суҳбат чоғида Кувайтда Ўзбекистон маҳсулотларининг минтақавий марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилган. "Марказ Ўзбекистон маҳсулотларини сотиш ва Кувайт орқали Кўрфаз араб давлатлари бозорларига экспорт қилиш учун дарвоза бўлиб хизмат қилади. Биринчи босқичда асосий эътибор ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига қаратилади. Чунки уларнинг юқори сифати туфайли унга нисбатан минтақада талаб ортиб бормоқда", – дея қайд этган Ўзбекистон расмий вакили.

Таъкидланганидек, элчихона томонидан Кувайт Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 2024-2025 йилларда қатор бизнес-форумлар ташкил этилди. Бунинг натижасида икки давлат компаниялари ўртасида савдо шартномалари имзоланди. Кувайт бозорига Ўзбекистоннинг янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, гўшт ва ширинликлардан ташқари гилос, шафтоли, ўрик, тарвуз, қовун, лимон каби маҳсулотлар экспорт қилинди. Кувайт истеъмолчиларининг ушбу маҳсулотларга қизиқиши ортиб бормоқда ва Элчихона савдо ҳамкорлигини кенгайтиришни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид