Жаҳон | 11:36 / 02.09.2025
1559
2 дақиқада ўқилади

Сербиядаги намойишчилар муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилмоқда

Белград ва Сербиянинг бошқа шаҳарларида Нови-Сад вокзалининг томи қулаши қурбонларини хотирлаш учун оммавий митинглар бўлиб ўтди. Намойишчилар президент партиясини ҳокимиятдан четлатиш учун муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишни талаб қилмоқда.

Фото: Andrej Isakovic/AFP/Getty Images

Сербияда 1 сентябр, душанба куни ўн минглаб намойишчилар пойтахт Белград кўчалари бўйлаб 2024 йилнинг ноябрида Нови-Сад вокзалининг томи қулаши оқибатида ҳалок бўлган 16 киши хотирасига юриш ўтказди. Reuters агентлигининг хабар беришича, намойишчилар фожиада коррупцияни айбламоқда ва президент Александар Вучичнинг Серб прогрессив партиясини ҳокимиятдан четлатиш учун муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказишни талаб қилмоқда. 

Худди шундай норозилик намойишлари мамлакатнинг бошқа шаҳарларида, жумладан Нови-Сад, Крагуевац, Алексинацда ҳам бўлиб ўтди. Белградда 16 нафар ўрта мактаб ўқувчилари ҳар бири оқ атиргул тутган ҳолда Сава майдонидан ўтди. Нови-Сад вокзалининг томи қулаши оқибатида ҳалок бўлганларнинг исмлари ўқиб эшиттирилди.

Reuters хабарига кўра, Сербияда бир неча ойдан бери давом этаётган намойишлар Вучич ва унинг партиясида ноаниқлик туғдирмоқда. Шу билан бирга, намойишчиларнинг муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказиш талабига жавобан Сербия президенти «демократик давлатлар ҳар сафар намойишлар бўлганда сайлов жадвалини ўзгартира олмайди», чунки бу «фуқароларнинг ўзига зарар етказади», дея маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид