Ўзбекистон | 12:03 / 02.09.2025
3109
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хитой Давлат кенгаши бош вазири билан учрашди

Пекин шаҳрига расмий ташриф доирасида 2 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида давлат раҳбари ХХР Давлат кенгаши бош вазири ва бутун Хитой халқини буюк Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Тянцзин саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Хитой муносабатлари янги даврда барча шароитларда стратегик шериклик ва кўп қиррали “етук” ҳамкорлик даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Бу кўрсаткични маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш орқали 20 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.

Шу мақсадда Ўзбекистонда стандартларни уйғунлаштириш ва маҳсулотларни Хитой талаблари асосида сертификациялаш учун қўшма Квант метрология маркази ва Минтақавий саноат стандартлаштириш марказини очиш таклиф қилинди.

Қўшма лойиҳалар портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.

Бу галги ташрифга тайёргарлик доирасида “яшил” энергетика, геология, кимё, ноёб металларни чуқур қайта ишлаш, кўмир кимёси, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, уруғчилик, агровольтаика соҳаларида янги лойиҳа таклифлари шакллантирилди.

Илмий тадқиқотлар ва истиқболли стартапларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Камбағалликка қарши курашиш бўйича махсус қуйи қўмита йиғилиши ва жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилаётган иккинчи Ҳудудлар форуми якунларига юқори баҳо берилди.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича Ўзбекистон пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бу галги ташриф доирасида маданият марказларини ўзаро очиш тўғрисида битим имзолангани қайд этилди.

Жорий йил Ўзбекистонда иккинчи Таълим форуми бўлиб ўтади. Чунцин шаҳрида илк бор Касб-ҳунар таълими форуми ўтказилди, ушбу йўналишда “Ўзбекистон – Хитой алянси” тузилди. Ўзбекистон ҳудудларида “Лу Бан устахоналари” очилади.

Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтлари самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.

Томонлар авиақатновлар сонини янада кўпайтириш ва сайёҳлар алмашинувини фаоллаштириш муҳимлигини қайд этди.

Якунда президент ХХР Давлат кенгаши бош вазирини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид