Иқтисодиёт | 22:34 / 04.09.2025
7010
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи йил бошидан бери 29 фоизга ошди

Глобал ноаниқликлар қимматбаҳо металга талабни ошираётгани сабаб олтин нархи рекорд даражага етди. Бу Марказий банкнинг олтин қуймалари нархларида ҳам акс этмоқда. Қуймалар нархи ошиши жорий ҳафтада тезлашиб, 5 фоизни ташкил қилди. Йил бошидан бери нарх 29 фоизга, ўтган ойга нисбатан эса 3,4 фоизга ўсди.

Фото: Марказий банк

Марказий банк доимий равишда ўлчовли олтин қуймаларининг нархларини янгилаб боради. 4 сентябрда эълон қилинган котировкаларга кўра, 5 граммли олтин қуймасининг нархи 7 млн 275 минг сўмни ташкил қилди. Олтин қуймалари нархи бир ҳафта ичида 5 фоизга қимматлади.

Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил бошидан бери олтин қуймалар қарийб 29 фоизга қимматлаган. Январда 5,65 млн сўм бўлган 5 грамлик қуйманинг қиймати сентябр ойига келиб 7,27 млн сўмга етди.

Августда олтин нархи бироз пасайиб, 7,03 млн сўмни ташкил қилган бўлса, сентябрда у яна ўсиб, 7,27 млн сўмга чиқди. Охирги бир ойда 3,4 фоизлик ўсиш кузатилди.

Олтин нархининг йил бошидан бери кескин кўтарилиши глобал бозорлар билан бевосита боғлиқ. Феврал–май ойларида жаҳон миқёсида геосиёсий тангликлар ва АҚШ федерал резерв сиёсати туфайли олтин кескин қимматлашди.

Июлда эса қисқа муддатли пасайиш кузатилди. Август–сентябрда нарх яна тикланиб, бу даврда 3,4 фоиз ўсиш қайд этилди. Таҳлилчилар фикрича, бундай тенденция мавсумий талаб (айниқса Осиё бозорида кузги тўй мавсуми) ва глобал иқтисодий ноаниқликлар билан изоҳланади.

Ўзбекистон ички бозорида олтин нархи халқаро котировкаларга боғлиқ бўлиб, йил бошидан буён кузатилган 29 фоизлик ўсиш олтиннинг инфляцияга қарши “хавфсиз актив” сифатида қадрини ошираётганини кўрсатмоқда.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (2024 йил сентябридан 2025 йил сентябригача) 5 граммли олтин нархи 39 фоизга ошган.

Олтиннинг спот нархи сешанба куни эрталаб бир унция учун 3,508,50 долларни ташкил этди ва бу йил деярли учдан бирига ошган ўсиш тенденциясини давом эттирди.

Қимматбаҳо металл иқтисодий ноаниқлик даврида сармоядорлар учун хавфсизроқ пул тикиш ҳисобланади. Йил бошида АҚШ президенти Доналд Трамп глобал савдога путур етказадиган кенг қамровли тарифларни эълон қилиши нарх ошишига жиддий туртки берди.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, нархларнинг ошишига АҚШ марказий банкининг асосий фоиз ставкаларини пасайтириб, олтинни сармоядорлар учун янада жозибадор қилишини кутиш ҳам сабаб бўлган.

Мавзуга оид