Жамият | 18:34 / 04.09.2025
12307
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон тоғларида ўзбекистонлик сайёҳ дарага қулаб, ҳалок бўлди

У қозоғистонлик таниши билан Чимкент тоғларига чиқиб, қайтиб келмаган.

Фото: Қозоғистон ФВВ

Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги тоғларда 1996 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Унга ҳамроҳлик қилган қозоғистонлик йигит эса қутқарилди. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, 1 сентябр куни Туркистон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига 1996 ва 1997 йилларда туғилган икки йигитнинг бедарак йўқолгани тўғрисида хабар келиб тушган. Улар 31 август куни Чимкент шаҳри тоғларига кетиб, қайтиб келмаган.

Қидирув ишлари Сайрамсу чўққиси ҳудудида, денгиз сатҳидан тахминан 2200 метр баландликда, «Сайрам-Угам» миллий табиат боғи ҳудудида, Қасқасув қишлоғидан 8 км узоқликда олиб борилган.

«Яхши ният ўйинлари» довони ҳудудида ўтказилган операция давомида ФВВ қутқарувчилари сайёҳлардан бири билан овозли алоқа ўрнатган. Унинг маълум қилишича, иккинчи иштирокчи, 1996 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси дарага тушиб кетиб, тан жароҳати олган.

Қутқарув операциясига ФВВ, ўрмон хўжалиги, полиция бўлинмаларининг жами 18 нафар ходими ва 5 та техникаси, дронлар ва вертолёт жалб қилинган. Мураккаб релеф ва қояли ҳудуд туфайли вертолёт воқеа жойига яқинлаша олмаган ва қутқарув гуруҳи ҳаракатни пиёда давом эттирган.

Чимкентдаги базадан Қозоғистон алпинизм федерациясининг беш нафар профессионал алпинисти ёрдамга чақирилган. Алпинистлар махсус жиҳозлар ёрдамида қояларга чиқиб, тирик қолган сайёҳни, шунингдек, ҳалок бўлган сайёҳнинг жасадини топган. Улар пастга олиб тушилган.

Қутқарилган одам эвакуация қилинган. Марҳумнинг жасади полиция ходимларига топширилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид