Жаҳон | 07:24 / 04.09.2025
2531
2 дақиқада ўқилади

Сеул: Россиянинг Украинадаги урушида КХДРнинг 2000 нафар ҳарбийси ҳалок бўлди

Жанубий Корея разведкаси Пхеняннинг 2000 га яқин ҳарбий хизматчилари Украинага қарши ҳарбий амалиётларда қатнашиш учун Россияга жўнатилганида ҳалок бўлганини тахмин қилмоқда.

Фото: Yonhap/YONHAPNEWS AGENCY/picture alliance

Корея Республикаси Миллий разведка хизмати (NIS) Шимолий Корея Украинага қарши ҳарбий амалиётларда қатнашиш учун Россияга жўнатилган 2000 га яқин ҳарбий хизматчисини йўқотганини тахмин қилмоқда. NIS парламент разведка қўмитаси учун ўтказилган ёпиқ брифингда шундай маълумот берди, деб хабар қилган Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги Жанубий Корея Миллий мажлисининг икки депутатига таяниб.

Улардан бирига кўра, Шимолий Корея ўз кучлари жойлаштирилишининг биринчи ва иккинчи босқичида 350 га яқин аскар ҳалок бўлганини даъво қилган. Апрел ойида NIS парламент қўмитасида ўтказилган брифингда Шимолий Кореянинг камида 600 аскари ҳалок бўлганини маълум қилганди. Эндиликда бу маълумот бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ўтказилган «ҳар томонлама таҳлил»дан сўнг 2000 га етказилди, деб хабар беради Yonhap.

2024 йил октябр ойидан бери Шимолий Корея Россиянинг ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватлаш учун 13 мингга яқин аскар ва қурол-яроғ юборган. AFP агентлигининг таъкидлашича, гап артиллерия снарядлари, ракеталар ва узоқ масофали ракета тизимлари ҳақида кетяпти. NIS ҳисоб-китобларига кўра, Пхенян кучларини жойлаштиришнинг учинчи босқичи доирасида Россияга қўшимча 6000 аскар жўнатишни режалаштирмоқда, айни пайтда Россияга 1000 га яқин Шимолий Корея ҳарбий муҳандислари юборилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид