Жаҳон | 17:45 / 07.09.2025
8915
8 дақиқада ўқилади

АҚШда уруш вазирлиги, Путин ва Си умрбоқийлик орзусида – ҳафта дайжести

Бугун 7 сентябр, якшанба. Ортда қолаётган ҳафта воқеаларга бой бўлди. Хитойда шов-шувли парад ўтказилди, Путин ва Си умрибоқийликни муҳокама қилди, АҚШда Уруш вазирлиги пайдо бўлди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафтанинг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Пентагон энди Уруш вазирлиги

Ҳафта давомида АҚШ президенти Трамп мамлакат мудофаа вазирлигида ребрендинг амалга оширди. Пентагон эндиликда АҚШ Мудофаа вазирлиги эмас, АҚШ Уруш вазирлиги деб аталади. Идора раҳбари Пит Ҳегсетнинг расмий лавозими ҳам эндиликда уруш вазири бўлади.

Афтидан, Пентагонни уруш вазирлигига айлантириш айнан Ҳегсетнинг таклифи бўлган, чунки ребрендинг сабабини айнан у изоҳламоқда. «Шунчаки расмиятчилик эмас, чинакам важоҳат, сиёсатбозлик эмас, чинакам куч. Биз фақат ҳимоячиларни эмас, чинакам жангчиларни тайёрлаймиз», деган Ҳегсет ўзгариш ҳақида. Унинг сўзларига кўра, Америка Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларини ютган ва вазирлик бундай ном олишга муносиб.

Дарвоқе, Пентагон 1947 йилгача, Иккинчи жаҳон уруши тугагунига қадар ҳам АҚШ Уруш вазирлиги деб аталган.

Трамп ва европаликлар тортишуви

АҚШ президенти Трамп Украинадаги урушни тугатиш бўйича ҳамон Европадаги иттифоқчилари билан ҳамфикр эмас. Ўзи Европа давлатларини Трамп даврида АҚШнинг иттифоқчилари дейиш ҳам қийин. Ҳафта давомида Европа лидерлари Парижда йиғилишди. Уларга Украина президенти Зеленский ҳам қўшилди. Кейин европаликлар биргаликда Трампга қўнғироқ қилди.

Европа нашрларидаги хабарлар ва Трампнинг тонига қараганда, суҳбат яхши ўтмаган. Афтидан, европаликлар Трампни Россияга қарши санкцияга қўшилишга чорлаган ва шу ерда тушунмовчилик бошланган. Трамп европаликларга «Россия нефтини сотиб олишни бас қилинг», деган. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен хоним эса иттифоқда фақат Венгрия ва Словакия рус нефтини сотиб олаётганини айтиб, эътироз билдирган. Суҳбат якунида европаликлар янги санкциялар бўйича Америкага таклиф юбориши айтилди. Трамп ҳамон жавоб бермаганига қараганда, ҳеч қанақа санкция бўлмайди.

«Россия ва Ҳиндистонни бой бердик»

Хитой ўз қуролларини АҚШга кўз-кўз қилиш учун ҳарбий парад ўтказди. Журналистлар АҚШ президенти Трампдан парад ҳақида фикрларини сўрашди. «Улар менинг эътиборимни тортишни исташди ва мен уларни кузатдим», деди Трамп. Кейинроқ АҚШ президенти ўз саҳифасида парад ҳақида ғалати пост қолдирди. «Афтидан, Россия ва Ҳиндистонни Хитойга бой бердик. Нима ҳам дердим, уларга биргаликда бахтли бўлишини тилайман», деб ёзди Трамп. У постига Путин, Си ва Моди биргаликда тушган суратини илова қилди.

Америка президенти Ҳиндистон ва Россия сиёсий жиҳатдан борган сари Хитой билан қалин бўлаётганини назарда тутган кўринади. Ахир Ҳиндистон Хитой билан ер тортишиб келади, уларнинг сиёсий алоқалари унчалик яхши эмасди, бироқ Модининг парадга бориши барчасини ўзгартирди. Америка Трамп даврида Хитой билан алоқаси илиқ бўлмаган Ҳиндистон билан яқинлашишга уринди, лекин Трампнинг постига қараганда бу ишни эплай олмаган.

Ҳафта учрашуви

Ҳафтанинг энг муҳим учрашуви Словакия бош вазири Роберт Фицо ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасида ўтказилди. Икки давлат етакчиси чегарадаги Ужгород шаҳрида кўришди. Фицо Европа Иттифоқидаги Украинани қўлламайдиган, унга ёрдам берилишига қарши бўлган саноқли давлатлардан бири. Россия билан яқин бўлган Словакия бош вазири Украина «Дружба» нефт ўтказгичини портлатганидан қаттиқ норози бўлганди.

Фицо Украинага айнан энергохавфсизлик масаласини муҳокама қилиш учун борди. Учрашувдан кейин икки сиёсатчи иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Ҳар икки лидер томонидан бир-бирининг манзилига кескин гаплар янгради. Хусусан, Фицо Зеленский баъзан уни ҳурмат қилмайдигандек кўринишини айтди.

«Биз турлича қарашдамиз, бу ҳаёт. Мен Зеленскийни ҳурмат қиламан, у ҳам мени, баъзан бундай эмасдек кўринса ҳам», деди Фицо.

Зеленский эса Украина Россиянинг зарбаларига «зулматда жим қараб турмаслигини» айтди. «Украина Россиянинг энергообъектларга зарбаларига жавоб беради. Ҳеч ким қоронғида маъюс қараб турмайди. Россия нефти ва газининг келажаги йўқ. Биз Словакия ва бошқа иттифоқчилар учун энергохавфсизликни таъминлашга тайёрмиз. Словакияга бажонидил нефт ва газ ўтказишга тайёрмиз, бу Россия маҳсулоти бўлмаса кифоя. Чунки бизда уруш кетмоқда, тамом», деди Зеленский.

Ҳафта баннери

Жума оқшомида Европада жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари ўтказилди. Марказий учрашувлардан бирида Франция Украинани мағлуб этди. Полшада ўтган учрашувда украиналик мухлислар урушга бағишланган баннер кўтаришди. Унда «Fortress of Europe», яъни Европа қалъаси деб ёзилганди. Шу тариқа украинлар европаликларни уларга ёрдам кўрсатишига чақириб, Украина уруш Европага тарқалмаслиги учун асосий девор эканига ишора қилди.

Ҳафта паради

Ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси Хитойда кузатилди. Одатда ўзининг алоҳида дунёсида яшайдиган Хитойдаги воқеалар дунё учун аҳамиятли бўлмайди. Бу гал чинликлар Ғарбнинг эътиборини тортишга ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиқишди. Хитой раиси Си Жинпинг Пекинда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага бағишланган парад ўтказди. Тўғриси, ўзини уруш ғолиби сифатида кўрсатмаган фақат Хитой қолганди.

Си ўтказган тадбирнинг асосий меҳмонлари Россия президенти Путин ва Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин бўлди. Етти йил деганда илк марта Ҳиндистон бош вазири Моди ҳам Хитойга борди. Парадда Хитой турли хил қуролларини кўз-кўз қилди. Асосий мақсад уларни Америкага кўрсатиш эди. Трамп парад яхши ўтгани, ташкилотчи Си хоҳлаганидай уни томоша қилганини айтди. Си усти очиқ машинага чиқиб, майдон узра савлат тўкиб ўтди. Машинага ўрнатилган микрофондан туриб, олий бош қўмондон сифатида буйруқлар берди. Хитой шу тариқа Ғарбга муқобил коалицияга эгалигини кўрсатишга уринди.

Умрбоқийлик орзуси

Хитой раиси Си ташкил қилган парад вақтида ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди, лекин бир кичик муаммо чиқди. Микрофон ўлгур кераксиз вақтда ҳам овозни ёзиб олгани сабаб Си, Ким ва Путин умрбоқийлик ҳақида гапиргани жонли эфирда эшитилиб қолди. Афтидан, улардан қай биридир бошқасига фалон ёшда бўлсангиз ҳам кўринишингиз яхши, деган кўринади, суҳбат шу мазмунда давом этди. Си ва Путин тиббиёт ривожлангани, тана аъзоларини кўчириб ўтказиш орқали 150 ёшгача яшаш мумкинлигини муҳокама қилган.

Бу суҳбат бутун дунёда муҳокама қилинди, ҳатто Хитойда 150 йил деган сўзни қидирув тармоқларида цензура қилишди. Чинда баъзи компаниялар узоқ умр кўриш ҳақида ўз тарғиботларида 150 йил яшаш ғоясини киритишга ҳам улгурди. Хуллас, 150 йил яшаш истагидаги 70 дан ошган икки президент бутун дунёдагиларни зериктирмади.

Бизда ҳозирча шулар. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча. Сизга саломатлик ва узоқ умр тилайман. 150 йил яшайсизми ёки озми, мазмунли, бировнинг жонига тегмайдиган умр кечиринг.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид