Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарзанд тарбиясида назорат ва эркинлик мувозанати
Фото: Getty Images
Ҳар бир ота-она фарзандининг ақлли, ўзига ишонган ва мустақил улғайишини истайди. Мустақиллик бола ҳаётидаги энг муҳим қадамлардан бири бўлиб, унинг келажакда қандай шахсга айланишига бевосита таъсир қилади. Ўз фикрини айта оладиган, қарор қабул қилишга одатланган бола нафақат оилада, балки мактаб ва жамиятда ҳам ўз ўрнини топишда қийналмайди. Аксинча, ҳамма нарсани ота-онасига боғлаб ўсган фарзанд мустақил ҳаётга киришишда кўпроқ қийинчиликларга дуч келади. Шунинг учун ҳам мустақилликни эрта шакллантириш, кичик танловлардан бошлаб аста-секин масъулиятли қарорларга йўналтириш тарбиянинг ажралмас қисми саналади.
Одатда уч ёшдан бошлаб бола атроф-муҳитни ўзи ўрганишга қизиқиб бошлайди. Масалан, қайси кийимни кийиш ёки қандай ўйинчоқни танлаш ҳақида қарор қабул қилиш унга қизиқ туюлади. Илмий изланишлар шуни тасдиқлайдики, кичик танлов имконияти берилган болалар ўз қарорларининг оқибатини тушунишни тезроқ ўрганади. Бу эса келажакда масъулият ҳиссини кучайтиради. Монтессори педагогикаси ҳам шу тамойилни қўллаб-қувватлайди: бола катталар ҳаётига аста-секин, кичик қадамлар орқали жалб этилиши лозим.
Боланинг хато қилишга рухсат берилиши ҳам мустақил бўлишнинг бир қисми ҳисобланади. Масалан, тугмани нотўғри тақиб қўйган бола кейинги сафар тўғрисини топишга уринади. Психологлар бу жараённи табиий ўрганиш усули сифатида кўришади. Ҳаддан ташқари назорат ва ҳамма нарсани ота-оналарнинг ўзи бажариб қўйиши эса боланинг ўзига ишончини пасайтиради. Ортиқча назорат қилинган бола мустақил эмас, балки ўз кучига шубҳа қиладиган шахсга айланади.
Бошланғич мактаб даврига келганда эса мустақиллик масаласи янада мураккаблашади. Бола энди нафақат оилада, балки синфдошлар ва дўстлар орасида ҳам ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади. Шу пайтда унга кичик масъулиятли топшириқлар бериш фойдали бўлади. Масалан, уй ҳайвонига қараш ёки китоб ўқиб, қисқача гапириб бериш боланинг ўзини оилада муҳим ҳис этишига ёрдам беради. Ота-оналар кўпинча болани ташқи дунёдан ҳимоя қилиш истагида уни ижтимоий вазиятларга қўшмайди. Аслида эса оддий топшириқлар болага мулоқот қилишни, мустақил қарор қабул қилишни ўргатади. Бола дўкондан нон сотиб олиш, қўшнига ёрдам бериш каби кичик юмушларни қилиши мумкин. Бу тажрибалар боланинг ўзига ишончини оширади, жамиятда ўз ўрнини топишга ёрдам беради.
Мавзуга оид
20:36 / 21.11.2025
Болалар тарбиясида йўл қўйиладиган 10 та кенг тарқалган хатолик: психологлар ва тадқиқотлар нима дейди?
18:57 / 15.11.2025
Ўсмир қизлар тарбияси: жамият эътиборидан четда қолмаслиги керак бўлган омиллар
18:33 / 04.10.2025
Болаларни пул жамғаришга қандай ўргатиш мумкин?
21:41 / 19.06.2025