Иқтисодиёт | 14:56 / 08.09.2025
6022
4 дақиқада ўқилади

Иқлим ўзгариши жаҳонда гўшт нархларини оширмоқда

Иқлим ўзгариши ва турли касалликлар сабаб гўшт ишлаб чиқариш қисқариши, шу билан бир пайтда АҚШ ва Хитойда мол гўштига талаб ошиб бораётгани нархларни рекорд даражага олиб чиқди. Сут маҳсулотлари нархининг кўтарилиши ҳам сўйишга мўлжалланган қорамоллар сонини камайтиряпти. Ўзбекистонда охирги бир йилда мол гўшти 25 фоизга, қўй гўшти 28,5 фоизга қимматлади.

Фото: Getty images

Август ойида глобал гўшт нархлари янги рекорд даражага етди, дея ёзмоқда Bloomberg нашри. Бунга АҚШ ва Хитойнинг мол гўштига бўлган кучли талаби сабаб бўлиб, бу жараён глобал қорамол захиралари камайиб бораётган бир пайтда бир неча ойдан бери давом этаётган ўсишни янада кучайтирди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) тузган гўшт нархлари индекси август ойида июлдаги рекордни ҳам ортда қолдирди. Нархларнинг кескин ўсиши айрим мамлакатларда инфляция босимини кучайтирмоқда. Масалан, июл ойида Буюк Британияда мол гўшти истеъмол нархлари қарийб 25 фоизга юқори бўлди.

Дунёнинг кўплаб ҳудудларида чорвадорлар иқлим ўзгариши ва касалликлар билан курашишга мажбур бўлиб, ишлаб чиқариш ҳажми қисқариб кетмоқда. АҚШдаги қорамол сони охирги ўн йилликлардаги энг паст даражага тушган, етакчи экспортчи Бразилияда ҳам қорамоллар сони қисқариб бормоқда. Об-ҳавонинг тобора беқарорлиги эса қорамолчиликни тиклаш жараёнини янада қийинлаштирмоқда.

FAO'нинг 5 сентябрда эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, АҚШдаги юқори талаб Австралияда мол гўшти нархини оширган. Шу билан бирга, Хитойнинг Бразилиядан фаол импорти, АҚШ бозорида тарифлар ошиши туфайли савдо камайганига қарамай, бразилиялик етказиб берувчиларни қўллаб-қувватламоқда.

Сут маҳсулотлари нархининг кўтарилиши ҳам бозорга қўшимча босим беряпти, чунки сўйишга мўлжалланган қорамоллар сони камаймоқда.

FAO иқтисодчиси Моника Тотхованинг айтишича, мол гўшти бозоридаги вазият сут маҳсулотлари нархлари юқорилиги билан ҳам боғлиқ. “Масалан, сариёғ ва пишлоқ нархлари қиммат бўлса, чорвадорлар сигирларини гўшт учун сўйишга шошилмайди”, – дейди у.

Ўзбекистонда нархлар билан боғлиқ вазият

Статистика агентлиги маълумотига кўра, охирги бир йилда Ўзбекистонда суяксиз мол гўшти 25,7 фоизга, суякли мол гўшти 24,9 фоизга қимматлашган. Қўй гўшти эса ҳозир бир йил олдингига қараганда 28,5 фоизга қиммат сотиляпти.

2025 йил август ойида суяксиз мол гўшти ўртача 0,7 фоизга, суякли мол гўшти 0,2 фоизга, қўй гўшти 1,4 фоизга қимматлаган.

Агентлик изоҳига кўра, ўтган ойда республика бозорларида мол гўштининг арзонлаштирилган нархларда (1 кг учун 65 000-75 000 сўм оралиғида) фаол сотилиши ўртача нархлар даражасига таъсир кўрсатган ва гўшт нархининг индекси кескин ошиб кетмаслигига сабаб бўлган.

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, август ойида 84,7 млн долларлик (июлда 81,7 млн доллар) гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Бунда мол гўшти импорти 66,1 млн долларни ташкил этган. Қўй гўшти импорти эса юқори суръатда ошишда давом этмоқда ва 7,6 млн долларга етган.

Рақамлар импорт гўштнинг ўртача нархлари августда ошганини кўрсатмоқда – мол гўшти 4,25 доллардан (июлга нисбатан +0,22 доллар), қўй гўшти 2,39 доллардан (+0,35 доллар), товуқ гўшти 1,25 доллардан (+0,12 доллар) импорт қилинган.

Статистика агентлигига кўра, 2025 йилнинг дастлабки 7 ойида гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорти қиймати ўтган йилнинг шу даврига қараганда 74 фоизга ошиб, 420 млн долларга тенг бўлган.

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид