Кўчмас мулк | 11:38 / 09.09.2025
15772
3 дақиқада ўқилади

Чилонзордаги қурилиш объектида минорали кран қулаб тушди

Ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлган. Тан жароҳати олганлар ҳам бор. 

Фото: Видеодан кадр

Чилонзор туманидаги турар жой мажмуаси қурилиш майдонида минорали кран қулаб тушди. Ҳолат 8 сентябр куни содир бўлган.

ФВВ ва Тошкент шаҳар прокуратурасининг Kun.uz'га тасдиқлашича, ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, тан жароҳати олганлар ҳам бор. 

Маълум бўлишича, кран қулаган ҳудудда “Omega-agro stroy” МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган бўлган. Аммо кран ёрдамчи пудратчи сифатида ишлаган бошқа фирмага тегишли бўлган.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига кўра, монтаж ишлари олиб борилаётганда краннинг таянч оёқларини асосга ўрнатиб ушлаб турувчи қисми мустаҳкам қотирилмаган. Шу сабабли краннинг кейинги қисмини қўйиш учун ҳаракатланиш даврида кран бир томонга оғиб кетган ва унинг асосга қотирилмаган 2 та оёғи кўтарилиб кетиши оқибатида ерга қулаган.  

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий маълумот берди. Унга кўра, ҳолат 8 сентябр куни соат тахминан 18:00 ларда Чилонзор туманининг Тирсакабод кўчасида олиб борилаётган қурилиш ҳудудида содир бўлган. Минорали қурилиш крани ўрнатиш жараёнида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши таъминланмагани сабабли қулаб тушган. Бунинг оқибатида кранни ўрнатиш ишларини олиб бораётган 25 ёшли ёлланма ишчи Л.А. олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ёлланма ишчилар – 2004 йилда туғилган И.Қ. ҳамда 2000 йилда туғилган М.А. турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а, б” бандларида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлишига, бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши назарда тутилган бўлиб, бундай қилмиш муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мавзуга оид