Молия | 15:05 / 09.09.2025
4327
4 дақиқада ўқилади

Кичик маблағ билан инвестиция қилса бўладими?

Фото: Unsplash

Айтайлик, ойлик даромадингиздан ошириб, минг доллар тўплаб қўйдингиз. Энди қаерга инвестиция қилсам экан, деб ўйлаётган бўлсангиз, ушбу мақоладаги айрим мулоҳазалар сиз учун фойдали бўлишига ишончимиз комил.

Ўзбекистондаги кўплаб оилалар даромадининг асосий қисмини фақат кундалик эҳтиёжларга сарфлайди, яъни жамғарма қилиш имконияти чекланган. Мамлакатдаги иқтисодий шарт-шароит, даромаднинг камлиги, нарх-навонинг ўсиши кўпчиликнинг ойликдан ойликкача яшашини тақозо этади. Бунинг катта хатарларидан бири – иш тўхтаса, даромад оқими ҳам тўхтайди.

Кўп ҳолларда маиший техника, телефон алоқаси ёки кийим-кечаклар учун, умумий олганда ҳиссиётга асосланган ҳаридлар сабаб жамғарма қилиш кечикади.

Хўш, 500-1000 доллар атрофида пул жамғара олганлар шу маблағ билан инвестиция қилиш имкониятлари борми? Қуйида шу масалага тўхталамиз.

Инвестициядан аввал

Асосий ишидан ташқари қўшимча даромад манбайига эга бўлмаган киши, инвестиция киритишидан аввал, кундалик харажатлар учун фавқулодда жамғармани шакллантириши лозим.

Яъни ойликдан зўрға орттирадиган шароитда бўлсангиз, у ҳолда инвестиция киритишга шошилмаган маъқул, чунки хотиржамлик жамғармасини яратиш – энг бирламчи масала.

“Молиявий ёстиқча”нинг миқдори даромадсиз қолганингизда бир неча ой ўртача даражада ҳаёт кечиришингиз учун етарли бўлиши керак.

Мутахассислар “ёмғирли кунлар” учун жамғарма миқдорини ўз соҳасининг профессионаллари учун камида 3 ойлик, оддий ишчи учун эса 6 ойлик захира ҳажмида бўлишини тавсия қилади. Чунки соҳа мутахассислари иш жойини йўқотган тақдирда янги иш жойини топишлари камроқ муддатни талаб этади.

Жамғарма нафақат пул шаклида, балки инфляцияга энг чидамли восита – олтин кўринишида ҳам бўлиши мумкин.

Бирламчи инвестиция

Асосий саволга қайтамиз, кичик маблағ билан инвестиция қилиш мумкинми? Албатта. Лекин агар сиз:

  • ойликка ишласангиз;
  • даромадингиз миқдори сиз қисқартира олмайдиган асосий харажатларингиз билан деярли тенг бўлса;
  • ва 500-1000 долларлик пул йиғган бўлсангиз (“хавфсизлик ёстиқчаси”дан ташқари), –

– у ҳолда бу пулни дарров молия ёки товар бозорларига тикишга шошмаслик керак. Бу босқичда энг яхши инвестиция – бу ўзингизга киритган инвестициянгиз бўлади.

Бухгалтер, маркетолог, ўқитувчи ёки бошқа тор соҳа вакиллари учун халқаро сертификатлар ва профессионал малака ошириш курслари бозорда ҳодимнинг меҳнат қийматини оширадиган ҳақиқий сармоя ҳисобланади.

Хорижий тилларни ўрганиш ҳам янги имкониятлар эшигини очади.

Шахснинг ўзини ривожлантириш учун қанча вақт ва маблағни сармоя қилиши – муҳим кўрсаткич. Сиз ўз соҳангизда янги билимлар эгаллашга, янги дўстлар орттиришга, ўз ютуқларингизни оммалаштиришга ёки шахсий брендингизни яратишга сарфлаган ҳар бир сўмингиз келгусида ўн баробар бўлиб қайтиши мумкин.

Эслатма

Киши даромадини кўпайтириш учун, касбий билимлардан ташқари, молиявий саводхонлигини ҳам ошириб бориши керак. Дабдабага берилмаслик, нафс-у ҳаво йўлида кредит олиб ташламаслик зарур.

Умуман, молиявий саводхонлик – жуда кенг тушунча бўлиб, “пул ҳақида ҳамма нарсани биламан” деб ўйлаш – одамни янги билимлардан тўсади.

Бундан ташқари, киши ўз руҳий ва жисмоний саломатлиги ҳақида ғамхўрлик қилиши, “юмшоқ кўникмалар”ни шакллантириб бориши ҳам аслида инвестиция ҳисобланади.

Бахтинур Муҳамедов
Тайёрлаган Бахтинур Муҳамедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид