Ўзбекистон | 18:17 / 10.09.2025
1048
2 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқий ахборотни етказишда инновацион ёндашувлар жорий этилади

«Ҳуқуқий ахборотни проактив шаклда етказиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фото: Getty images

Фармонга кўра, қуйидагилар соҳани такомиллаштиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди, жумладан:

- ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишда сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали инновацион ёндашувларни жорий этиш;

- аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган ҳақиқий талаб ва эҳтиёжларини ўрганган ҳолда ҳуқуқий маълумотларни манзилли ва мақсадли етказиш.

Фармонга кўра, Lex.uz асосида «проактив қонунчилик» тамойили билан ҳуқуқий ахборотни «ақлли тарғибот» шаклида етказишнинг қуйидаги тизими жорий этилади:

- Lex.uz, Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали ва ЯИДХП (my.gov.uz) интеграция қилинади;

- тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг розилигига асосан, soliq.uz тизимидаги шахсий кабинетига улар фаолиятига оид янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юборилади;

- ЯИДХП (my.gov.uz) фойдаланувчиларнинг шахсий кабинетига уларнинг розилигига асосан кундалик ҳаётда қўллаш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаволалари юборилади.

Таъкидланишича, тизим орқали ҳужжат етказиш намунаси қуйидагича: масалан кимдир ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштирди, тизим шу заҳоти унга МЖТК йўл ҳаракатига оид ҳуқуқбузарликлар ва бошқа йўл ҳаракатига оид энг муҳим қонунчилик ҳақидаги маълумотлар ҳаволасини my.gov.uz орқали юборади, келгусидаги ушбу соҳадаги ўзгартиришлар ҳам шу шаклда етказилади. Худди шундай, туризм билан шуғулланадиган тадбиркор ИФУТ коди орқали аниқланиб, унга туризм бўйича қонунчилик, унга кирадиган ўзгартиришлар ҳаволаси унинг розилигига асосан soliq.uz орқали юборилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид