Жаҳон | 21:37 / 12.09.2025
16376
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск дунёнинг энг бой одами унвонини атиги бир кунга йўқотди

Ларри Эллисоннинг мусиқаси «жуда қисқа вақт» янгради.

Фото: Reuters

Tesla раҳбари Илон Маск Oracle раҳбари Ларри Эллисондан ўзиб кетди ва дунёдаги энг бой одам унвонини қайтариб олди.

Bloomberg миллиардерлар индексига кўра, 11 сентябр куни Маскнинг бойлиги 384,2 миллиард долларга баҳоланган, Эллисонники ундан 1 млрд доллар кам.

Ларри Эллисон 10 сентябр куни ўз компанияси акциялари кескин кўтарилганидан кейин қисқа муддат рейтингда биринчи ўринни эгаллаган эди. Бир кун ичида Эллисоннинг бойлиги 101 миллиард доллардан ошиб, 393 миллиард долларга етди, бу тарихдаги рекорд даражадаги бир кунлик ўсишдир. Шу билан бирга, Маскнинг бойлиги тахминан 385 миллиард долларни ташкил қилган.

Бироқ ўша куни кечқурун АҚШдаги биржалар ёпилганидан сўнг, Маск яна етакчига айланди. Илон Маск биринчи марта 2021 йилда ушбу поғонага чиққан, бироқ кейин Amazon асосчиси Жефф Безос ва LVMH асосчиси Бернар Арнога қисқа муддатга бой берган.

Миллиардерлар бойлигининг ўзгариши уларнинг компаниялари акциялари курсига бевосита боғлиқ. Акциялар қиймати кескин кўтарилганда ёки пасайганда, мулкдорнинг ҳолати шунга мос равишда ўзгаради.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид