Туризм | 08:16 / 13.09.2025
3282
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Хитой иштирокида 16 та туризм лойиҳаси амалга оширилди

Уммоннинг Asdaa Oman газетасида "Ўзбекистон – Хитой: Туризм соҳасига сармоя жалб этиш механизмлари" сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

Мақолада 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда Хитой инвесторлари иштирокида 519,5 миллион долларлик 16 та туризм лойиҳаси амалга оширилганлиги ва бу инвестициялар инфратузилма, меҳмонхоналар, боғлар ва қўшма турларни яратишга йўналтирилгани маълум қилинган.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги туризм ҳамкорлиги сўнгги йилларда жадал ривожланаётганлиги – туристлар оқими ортиб, инвестициявий шериклик кучаяётгани билдирилган. Туризм соҳаси икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганлиги таъкидланган.

"Ўзбекистон Хитойда ўтказилган йирик сайёҳлик кўргазмаларида фаол иштирок этди. Шунингдек, Хитойнинг 9 та йирик шаҳрида тарғибот турлари ўтказилиб, "Шинжон–Ўзбекистон" ва "Ипак йўли саргузаштлари" каби қўшма турлар намойиш этилди", – дейилган материалда.

Натижада 40 дан ортиқ ҳамкорлик битимлари имзоланди. 3 июл куни Самарқандда бўлиб ўтган "Ипак йўли туризми" халқаро форумида минтақавий инвестициявий ташаббуслар ва "Арда Хива" маркази, Бухоро ва Самарқанд мероси асосида янги туристик маҳсулотларни яратиш муҳокама қилинди.

"Ўзбекистонга хитойлик сайёҳлар сони ортиши натижасида, China Eastern, Air China ва China Southern каби авиакомпаниялар Тошкентга мунтазам авиарейсларни йўлга қўйди. Бу тенденциялар Ўзбекистонни нафақат туристик йўналиш сифатида, балки инвестициялар учун жозибали манзилга айлантирмоқда", – деб ёзилган Asdaa Oman газетаси мақоласида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид