Таълим | 18:09 / 13.09.2025
3260
2 дақиқада ўқилади

Репетитор сифатида даромадни ошириш учун 4 тавсия

Репетиторлик — бу нафақат дарс ўтиш, балки кичик бизнес ҳам. Аммо даромад доим ҳам барқарор бўлавермайди. Эътиборингизга узоқ йиллар давомида репетиторлик қилиб, кўпроқ пул ишлаб топган ва молиявий барқарорликка эришган устозлардан тавсиявий, тўртта асосий жиҳатни хавола этамиз.

Фото: Pixabay

Кенг кўламда ишлаш. Гуруҳ дарсларини йўлга қўйиш, мастер-класслар ўтказиш ва онлайн курсларни бошлаш. Бир ёки бир нечта ўқувчи ўрнига бутун гуруҳ билан ишлаш даромадни оширади. Бундан ташқари, видеокурслар ва ўқув материалларини тайёрлаш ҳам қўшимча пассив даромад. Бу келажакка қилинган инвестиция ҳисобланиб, натижани кўп куттирмайди. Бошқалардан ажралиб туриш учун интерактив платформалардан фойдаланиш тавсия этилади.  

Нархларни ошириш ва бунга мос бўлиш. Ишни бошлаш арафасида тўловлар миқдори бирмунча пастроқ бўлади, лекин вақт ўтиб, тажриба ошиб бориши билан меҳнатнинг қадри кўтарилади. Аста-секин ўқувчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда тўловларни ошириш мумкин. Даромад кўтарилиб, тингловчилар сони камаймаса кишида ўзига ишонч уйғонади. Бу ҳолатда эътибор бериш керак бўлган нуқта - бу нарх = сифат.

Мослашувчан вақт. Кечки ва дам олиш кунларига дарсларни қўшиш. Бунда ҳафтанинг одатий кунларида шуғуллана олмайдиган ўқувчилар учун ҳам имконият пайдо бўлди.

Шахсий брендни ривожлантириш. Даромадни ошириш учун одамлар устозни танишлари керак. Шу сабабли ижтимоий тармоқларда саҳифалар очиб, фойдали постлар ёзиш, ўқитиш усуллари ва ўрганиш бўйича маслаҳатлар билан бўлишиш зарур. Бу янги тингловчиларни жалб қилишнинг самарали усули.

Энг асосийси — янгиликдан қўрқмаслик, ўз устида ишлаш ва олдинга интилиш талаб этилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид