Кўчмас мулк | 17:45 / 13.09.2025
2791
3 дақиқада ўқилади

«Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

Лойиҳа шаҳарсозлик реновациясининг асослари ва мақсадлари, мажбурий шартлари, асосий тамойиллари, реновация босқичлари, реновация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби, соҳада давлат бошқаруви асосларини белгилайди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

«Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, маъқуллаш учун Сенатга юборилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, бу қонун лойиҳаси ҳудудларни шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш, эскирган, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз, авария ҳолига келиб қолган бино-иншоотларни янгилаш, қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳа шаҳарсозлик реновациясининг асослари ва мақсадлари, мажбурий шартлари, асосий тамойиллари, реновация босқичлари, реновация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби, соҳада давлат бошқаруви асосларини белгилайди. Қонун ташаббускорларининг қайд этишича, мазкур ҳужжатга бўлган эҳтиёж янги турар жойларга нисбатан ўсиб бораётган талабни қондириш учун қўшимча ер ресурслари талаб қилиниши билан изоҳланади.

Лойиҳага кўра, реновация ихтиёрийлик тамойилига асосланади. Реновация лойиҳасини бошлаш учун барча ҳуқуқ эгалари билан нотариал тартибда келишув имзоланади.

Лойиҳада шаҳарсозлик реновациясини амалга оширишда ҳеч ким суд қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги назарда тутилган. Унга кўра, хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани, давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш учун барча зарур шароитларни яратиши, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан мулк эгаларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилмаслиги кафолатланган.

Айни пайтда, реновация доирасида мулкдорлар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган барча зиддият ва ноаниқликлар мулк эгасининг фойдасига талқин этилиши кўрсатиб ўтилган.

Лойиҳага кўра, турар ва нотурар жой мулкдорларига адолатли компенсация бериш тизими йўлга қўйилади. Хусусан, компенсация қуйидаги шаклларда бўлиши мумкин:

  • реновация амалга ошириладиган ҳудудда янги қуриладиган турар ва нотурар жой объектини мулк қилиб бериш;
  • бошқа жойдан турар ва нотурар жой объектини мулк қилиб бериш;
  • турар ва нотурар жой объектларининг бозор қийматида пул маблағлари;
  • битимда назарда тутилган бошқа шакллар.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида компенсация сифатида бериладиган уй-жой майдони ҳуқуқ эгасининг реновация қилинаётган уй-жой майдонидан кам бўлмаслиги ҳамда яшаш учун тайёр ҳолда топширилиши ва биринчи навбатда пастки қаватлардан таклиф этилиши кераклиги назарда тутилган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид