Ўзбекистон | 18:47 / 15.09.2025
20839
4 дақиқада ўқилади

Азиз Воитовга суд ҳукми ўқилди

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири тегишли моддалар бўйича айбдор деб топилди, аммо етказилган зарарни қоплагани туфайли унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди. Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг собиқ директори эса 8,5 йилга қамалди. Иш доирасида яна 9 киши озодликдан маҳрум этилган.

Фото: Daryo

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқалар нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 62 киши) оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаган ҳамда ҳукм эълон қилинди.

Суд ҳукмига кўра, Азиз Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Етказилган моддий зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганлиги сабабли унга нисбатан 3 йил муддатга бошқарув тизими, раҳбарлик ва мансабдорлик ҳамда моддий жавобгарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган тарзда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида жарима ва ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган. Шу боис, суднинг ҳукми билан жиноят бўйича етказилган зарар суд жараёни давомида тўлиқ қоплангани сабабли Азиз Воитовга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Депозит ҳисоб рақамига тўланган пуллар эса давлат фойдасига ўтказилиши белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори лавозимида ишлаган Хайрулло Каримовга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қолган 60 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда тегишли жазолар, хусусан, 9 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 51 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Маълумот учун, Азиз Воитов 20172020 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бошқаруви раиси бўлиб ишлаган, 2020 йил мартидан инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлаган, 2022 йил августида қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тайинланганди. У 2023 йил октябр ойида вазирлик раҳбарлигидан кетди, ўша йил декабрида эса қамоққа олинганди.

Ўшанда Олий суд матбуот хизмати собиқ вазир Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси 2-қисми «а» бандида (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш оқибатида жуда кўп миқдорда зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланаётгани ҳақида хабар берганди.

2024 йил сентябр ойида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга нисбатан суд иши бошлангани хабар қилинганди. Ушбу суд ишида журналистларга фото ва видеога олиш тақиқланди. Антикоррупция агентлиги мазкур ишда суд мажлислари очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини билдирди. Аммо собиқ вазир ва бошқаларга нисбатан суд иши барибир ёпиқ тарзда кўриладиган бўлди. Кейинчалик Kun.uz собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна икки кишининг айблов хулосаси билан танишганди. Унда талон-торож қилинган кредит маблағлари, бюджет пуллари ҳамда давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 200 млрд сўмдан ошиқлиги, Воитов бу ишларни асосан курсдоши, қайнотаси ва бошқа яқинлари орқали қилгани келтирилганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид