Ўзбекистон | 20:24 / 16.09.2025
9119
2 дақиқада ўқилади

Норин дарёсида биринчи «миллий» ГЭС ишга туширилди

2024 йил 25 март куни президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишини бошлаб берган эди. Бугун улардан бири – Норин ГЭС каскадининг дастлабки босқичи ишга тушди. Давлат раҳбари вилоятга ташрифи чоғида ушбу энергетика иншоотини кўздан кечирди.

Шавкат Мирзиёев 16 сентябр куни Наманган вилоятида Норин ГЭС каскадининг дастлабки иншоотини кўздан кечирди.

Қайд қилинишича, ҳозир «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти томонидан Норин дарёсида 6 та ГЭС каскади қурилиши бошланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 428 миллион доллардан зиёд, умумий қуввати 228 мегаватт бўлади.

Биринчи босқичда ГЭС-1 ишга туширилди. Энг муҳими, у тўлиқ маҳаллий маҳсулот ва ускуналар асосида барпо этилди. Таъкидланишича, уни мамлакатдаги биринчи «миллий» ГЭС дейиш мумкин.

ГЭС-1 йиллик 171 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ерда 130 та янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳа натижасида 430 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади, йилига 290 миллион куб метр газ тежалади. Бу иқтисодиёт учун қарийб 300 миллиард сўмлик қўшимча манфаат демакдир.

Ўзбекистон гидроэнергетикаси тарихида илк бор ушбу лойиҳа доирасида горизонтал капсула шаклидаги гидроагрегатлар жорий этилди. Улар кичик босим шароитида ҳам юқори самарадорлиги билан ажралиб туради ва миллий гидроэнергетика соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.

Норин ГЭС каскади – яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган стратегик лойиҳа ҳисобланади. 2026 йилда иккинчи ва учинчи, 2027 йилда қолган станциялар ҳам ишга туширилади. Ҳар бир станциянинг қуввати 38 мегаватт бўлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид