Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент Наманганда иқтисодий ва ижтимоий объектлар фаолияти билан танишди
Шавкат Мирзиёев балиқчилик корхонаси, кундузги парвариш маркази ва «Айқирон-1» насос станцияси фаолияти билан танишди.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Норин туманидаги «Фишвел Норин» балиқчилик корхонаси фаолияти билан танишди.
Қайд қилинишича, лойиҳа 3 миллион доллар ҳисобига ташкил этилган. Икки гектардан зиёд ҳудудда 76 та инновацион ҳавза ташкил этилган. Ҳозирги кунда шундан 40 таси ишга туширилган бўлиб, суперинтенсив усулда гулмоҳи балиғи етиштирилмоқда. Умуман, бу ерда йилига 2 минг тонна тансиқ гўшт етиштириб, 5 миллион долларлик экспорт қилиш мўлжалланган.



Президент мутасаддиларга республика бўйича гулмоҳи етиштириш мумкин бўлган туманларни аниқлаб, мазкур тизимни оммалаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Нидерландиялик ҳамкорлар билан балиқ озуқаси ишлаб чиқариш, Нориндаги тик қудуқлар ёнида сунъий ҳовузлар ўрнатиб, аҳолига бўлиб бериш бўйича вазифалар белгиланди.
Давлат раҳбари Наманган шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган «Фирдавс» кундузги парвариш марказини кўрди.


Тадбиркор Сайёра Қосимова томонидан ташкил этилган марказ 36 ўринга мўлжалланган бўлиб, махсус таълим ва реабилитация хизматлари кўрсатилади. Болалар кун давомида 9 соатлик индивидуал ўқув-тренинг дастурлари билан қамраб олинади. Машғулотларни малакали невропатолог, дефектолог, сурдолог, аудиолог, педагог ва психологлар олиб боради.
Президент юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, бундай ижтимоий лойиҳалар миқёси кенгайтирилишини таъкидлади.
Давлат раҳбари шу ердаги «Faol hayotga qadam besh xizmat» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Марказ шу йил тадбиркор Хосият Ортиқованинг шахсий маблағи ҳисобидан ташкил этилган. Бу ерда ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун замонавий қулайликлар, тиббий ва реабилитация хизматлари йўлга қўйилган. Марказ 16 ўринга мўлжалланган.
Бу ерда тиббий мутахассислар томонидан индивидуал дастурлар асосида ҳар куни 8 соатлик машғулот ўтказилади. Улар инсонларнинг соғлиғини тиклаш, функционал имкониятларини ошириш ва ижтимоий ҳаётга қайтаришга ёрдам беради.
Шунингдек, президент Чортоқ туманидаги «Айқирон-1» насос станциясини кўздан кечирди.



Катта Наманган магистрал каналида жойлашган ушбу насос орқали 815 гектар ер суғорилади. Тадбиркор томонидан давлат-хусусий шериклик асосида бу ерга энергия тежамкор агрегат ва замонавий ускуналар ўрнатилди. Янгиланган тизим йилига қирқ фоизгача электр энергиясини иқтисод қилиш имконини бермоқда. Тежамкорлик билан бирга янги насосларнинг сув чиқариш қуввати ҳам юқори. Бу эса далаларни суғориш кўламини ошириб, ҳосилдорликни яхшилашга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари икки йил ичида «Айқирон-1» тажрибаси асосида вилоятдаги барча насос станцияларини модернизация қилиш, буни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалга ошириш бўйича топшириқ берди.
Мавзуга оид
08:22
Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди
14:29 / 02.12.2025
Япония Наманганда робот-ассистент хирургиясини жорий этади
20:22 / 30.11.2025
Наманганда чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди
11:03 / 20.11.2025