Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Норин туманидаги «Фишвел Норин» балиқчилик корхонаси фаолияти билан танишди.

Қайд қилинишича, лойиҳа 3 миллион доллар ҳисобига ташкил этилган. Икки гектардан зиёд ҳудудда 76 та инновацион ҳавза ташкил этилган. Ҳозирги кунда шундан 40 таси ишга туширилган бўлиб, суперинтенсив усулда гулмоҳи балиғи етиштирилмоқда. Умуман, бу ерда йилига 2 минг тонна тансиқ гўшт етиштириб, 5 миллион долларлик экспорт қилиш мўлжалланган.

Президент мутасаддиларга республика бўйича гулмоҳи етиштириш мумкин бўлган туманларни аниқлаб, мазкур тизимни оммалаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Нидерландиялик ҳамкорлар билан балиқ озуқаси ишлаб чиқариш, Нориндаги тик қудуқлар ёнида сунъий ҳовузлар ўрнатиб, аҳолига бўлиб бериш бўйича вазифалар белгиланди.

Давлат раҳбари Наманган шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган «Фирдавс» кундузги парвариш марказини кўрди.

Тадбиркор Сайёра Қосимова томонидан ташкил этилган марказ 36 ўринга мўлжалланган бўлиб, махсус таълим ва реабилитация хизматлари кўрсатилади. Болалар кун давомида 9 соатлик индивидуал ўқув-тренинг дастурлари билан қамраб олинади. Машғулотларни малакали невропатолог, дефектолог, сурдолог, аудиолог, педагог ва психологлар олиб боради.

Президент юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, бундай ижтимоий лойиҳалар миқёси кенгайтирилишини таъкидлади.

Давлат раҳбари шу ердаги «Faol hayotga qadam besh xizmat» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Марказ шу йил тадбиркор Хосият Ортиқованинг шахсий маблағи ҳисобидан ташкил этилган. Бу ерда ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун замонавий қулайликлар, тиббий ва реабилитация хизматлари йўлга қўйилган. Марказ 16 ўринга мўлжалланган.