Иқтисодиёт | 16:40 / 17.09.2025
15979
2 дақиқада ўқилади

Долларнинг расмий курси охирги 22 ойликдаги энг паст даражага тушди

Доллар курси кетма-кет тўртинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 193 сўмга (1,3 фоиз) арзонлашди. 18 сентябр куни амалда бўладиган 12 254 сўмлик расмий курс – 2023 йилнинг 6 ноябридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Марказий банки 18 сентябрдан бошлаб хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. АҚШ доллари курси кунлик савдолар якунига кўра яна 30,8 сўмга ўз қийматини йўқотди.

Умуман олганда, доллар курси кетма-кет тўртинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 193 сўмга (1,38 фоиз) — 12 426 сўмдан 12 254 сўмга арзонлашди. Бу – 2023 йилнинг 6 ноябридан (12 254 сўм) бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.

Йил бошидан буён миллий валюта АҚШ валютасига нисбатан 5 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг мос даврида сўм 3,1 фоизга (12 352 сўмдан 12 739 сўмга) қадрсизланган эди.

Кун давомида Америка валютасини 12 295 сўмдан бошлаб сотиб олиш мумкин бўлди. 

Айни пайтда сўм курсининг мустаҳкамланишига пул ўтказмалари оқимининг кўпайиши, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг ошиши, асосий ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг барқарорлашиши ва олтин нархининг қимматлашиши фонида экспортнинг ўсиши ва савдо тақчиллигининг қисқариши каби омиллар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид