Жаҳон | 07:03 / 17.09.2025
3210
2 дақиқада ўқилади

Германия товон пули ўрнига Полшага хавфсизлик кафолатларини таклиф қилди

Полша президенти Навроцкийнинг Берлинга биринчи ташрифи олдидан Германия ҳукумати товон тўлаш масаласини қонуний ҳал қилинган деб атади. Навроцкий бир неча бор Германиядан товон ундиришни талаб қилган.

Фото: REUTERS

Полша президенти Карол Навроцкийнинг Берлинга ташрифи олдидан Германия ҳукуматининг Полша бўйича комиссари Кнут Абраҳам Германияга товон тўлаш талабларини яна бир бор рад этди. Бунинг эвазига Берлин Варшавага хавфсизлик кафолатларини бериши мумкин, деди у Redaktionsnetzwerk Deutschland таҳририятига берган интервюсида.

«Товон тўлаш масаласи қонуний ҳал қилинган», — деди сиёсатчи. Унинг сўзларига кўра, Германиянинг Полша олдидаги мажбуриятлари замонавий талқини Иккинчи жаҳон уруши даврида немислар томонидан содир этилган жиноятларни ҳисобга олган ҳолда акс эттирилиши зарур.

Германия ва Полша «бир-бирининг ёнида» ва Германия ҳукумати буни «ҳарбий ва молиявий жиҳатдан» тасдиқлаши керак, деди Абраҳам. «Полша президентига айтилиши керакки, Полша хавфсизлигини ҳар қандай мустаҳкамлаш - Германия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, хоҳ у молиявий ёрдам, қурол тизимлари ёки Бундесвер бўлинмалари бўладими», деди у Навроцкийнинг бўлажак ташрифини шарҳлар экан.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид