Жаҳон | 15:28 / 19.09.2025
5426
2 дақиқада ўқилади

Иорданиялик ҳайдовчи "Алленби" ўтказиш пунктида икки исроилликни ўлдирди

Исроилнинг хабар беришича, гуманитар юк машинасининг иорданиялик ҳайдовчиси "Алленби" ўтказиш пунктида икки исроилликни ўлдирган. Тел-Авив воқеани теракт деб атади, Амман тергов бошланганини эълон қилди.

Фото: picture alliance

Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб кетаётган иорданиялик юк машинаси ҳайдовчиси 18 сентябр, пайшанба куни "Алленби" ўтказиш пунктида ўт очди ва хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилишидан олдин икки исроилликни ўлдирди. «Бугун Ғазога гуманитар ёрдам олиб кетаётган юк машинасини бошқараётган иорданиялик эркак "Алленби" ўтказиш пунктида икки исроилликни ўлдирди», — дея маълум қилди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги.

Исроил ҳарбийлари ҳужумчи «зарарсизлантирилгани» ҳақида хабар берди. "Маген Давид Адом" тез ёрдам хизмати маълумотларига кўра, эркак тўппонча ва пичоқ билан қуролланган бўлган.

Исроил тез ёрдам хизматининг аниқлик киритишича, тахминан 20 ва 60 ёшлардаги эркаклар воқеа жойида ёрдам кўрсатилганидан кейин вафот этган. Иордания Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумни «жиноят» деб атади ва бу Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишини хавф остига қўйиши ҳақида огоҳлантирди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид