Ўзбекистон | 23:16 / 19.09.2025
8556
2 дақиқада ўқилади

Республика онкология марказига туркиялик мутахассис раҳбар этиб тайинланди

Аввал Туркиянинг Сакария вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Седат Қоя Республика онкология ва радиология маркази раҳбари этиб тайинланди. Унинг олдига Ўзбекистондаги онкология хизматини жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш вазифаси қўйилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Туркиялик мутахассис Седат Қоя Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига директор этиб тайинланди. Бу ҳақдаги буйруқни соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров имзолади, деб хабар қилди ССВ матбуот хизмати.

Седат Қоя дастлаб Анқара университетининг тиббиёт факултетида таълим олган. Кейинчалик Анадолу университетида бизнес бошқаруви, Отатурк университетида тиббиёт муассасаларини бошқариш йўналишларида бакалавр ҳамда Сакариё университетида соғлиқни сақлашни бошқариш йўналишида магистратура босқичини тамомлаган.

Хорижлик мутахассис 2011–2018 йилларда Сакариё университетининг клиник шифохонаси ва Сакариё давлат шифохоналари иттифоқида турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, Сакариё соғлиқни сақлаш бошқармаси вице-президенти ҳамда бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Таъкидланишича, янги раҳбар зиммасига Ўзбекистонда онкология хизматини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш, соҳада замонавий менежментни йўлга қўйиш, хориж тажрибаси асосида энг сўнгги ташхис ва даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш, жойларда скрининг тадбирлари қамровини янада кенгайтириш, шунингдек, соҳага сунъий интеллект ва инновацион технологияларни жорий қилиш, тизимни тўлиқ рақамлаштириш орқали шаффофликни таъминлаш, тиббий туризмни ривожлантириш ҳамда ёш кадрларнинг билим ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бир қатор вазифалар юкланган.

19 сентябр куни Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказиб, бешта тиббиёт марказига хорижий профессионал менежерларни жалб қилиш ёки уларни хориждаги нуфузли клиникалар бошқарувига бериш имкониятини ўрганишни буюрган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид