Авто | 14:26 / 20.09.2025
11772
2 дақиқада ўқилади

ХДП мопед ва скутерлар учун гувоҳномаларни кечиктиришга чақирди

Жорий йилнинг 1 октябридан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши ҳақидаги хабар жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига, турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Фото: Kun.uz

Айрим маълумотларга кўра, ҳозир 130 минг нафарга яқин ёшлар курьерлик хизмати билан банд. Бу фақат велосипед, мопед ва скутерлар орқали хизмат кўрсатаётган фуқаролардир.

Халқ демократик партиясига кўра, Камбағалликни қисқартириш, битта барқарор иш ўрни яратиш учун кўплаб чоралар кўрилаётган ҳозирги муҳим даврда ўзини ўзи банд қилган, халққа хизмат қилаётган фуқаролардан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинаётган вақт қисқа ҳисобланади. 

"Тўғри, бу борада ҳукумат томонидан муддатлар узайтирилган, бироқ талабгорларнинг жуда ҳам кўп бўлган миқдорини инобатга олиб, бу даврда ҳужжат талаб қилиш мақсадга мувофиқлигини яна бир бор ўйлаб кўриш лозим. Боиси, мазкур соҳада хизмат қилаётган кўплаб фуқаролар боқимандалик кайфиятига берилмасдан, кимдандир ёрдам кутмасдан, даромад топишга, молиявий муаммоларини ўзи ҳал қилишга интилмоқда", дейилади партия баёнотида.

Партия жорий этилиши кутилаётган тартибга кўра, бир кунда юз минглаб ёшлар даромад манбаисиз, ишсиз қолиши мумкинлигини билдирди.

ХДП жорий йилнинг 1 октябридан мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши муддатини кейинги йилга қолдирган ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамини олиш учун муддатлар ва тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблашини билдирди.

ХДП мазкур ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга масала бўйича давлат сиёсатига муносиб ечим топилишини сўраб, депутатлик сўрови киритишини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид