Жамият | 23:33 / 21.09.2025
16305
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мушукни қийнаган хитойлик 5 суткага қамалди

У мушук устига қайноқ сув қуйиб азоблаган. Энди ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти уни Ўзбекистондан депортация қилинишига эришмоқчи.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида мушук устига қайноқ сув қуйиб азоблаган хитойлик эркак 5 суткага қамалди. Бу ҳақда «Меҳр ва Оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти хабар берди.

Қайд қилинишича, жамият телефон рақамига аёл киши мурожаат қилиб, қўшниси – хитойлик эркак мушук устига бир неча марта қайноқ сув қуйиб, идишда ушлаб турганини ва ташқарига чиқишига йўл қўймаганини кўрганини айтган.

«Меҳр ва Оқибат» жамияти эркакни жавобгарликка тортиш ва уни Ўзбекистондан депортация қилиш масаласини кўриб чиқиш талаби билан ИИВ, ТИВ ва Хитой элчихонасига мурожаат қилган.

18 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой суди ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолати бўйича ишни кўриб чиқиб, эркакка 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Шунингдек, 20 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди хитойликнинг апелляциясини кўриб чиқиб, жазо турини жаримага ўзгартириш тўғрисидаги шикоятни қаноатлантиришни рад этган ва маъмурий қамоқ ҳақидаги ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Таъкидланишича, «Меҳр ва Оқибат» жамияти энди хитойлик эркакни Ўзбекистондан чиқариб юборилиши учун ҳаракат қилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид