Соғлом ҳаёт | 15:39 / 22.09.2025
3882
6 дақиқада ўқилади

Instagram одамлар руҳиятини бузяпти(ми?)

Мазкур платформа дунёдаги энг оммабоп ижтимоий тармоқлардан бири. Миллионлаб инсонлар ҳар куни унга видео ва сурат жойлайди, у орқали дўстлари ва машҳурлар ҳаётини кузатади. Тармоқда асосан идеал ҳаёт акс этади ва бу илҳомлантириш билан бирга одамларда норозилик, ўзидан қониқмаслик, тушкунлик кайфиятини ҳам уйғотади.

Фото: Shutterstock

Instagram илк бор суратлар алмашиш платформаси сифатида пайдо бўлган бўлса-да, ҳозирда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Ҳар куни миллионлаб фойдаланувчилар унда сурат, видео, “story” ва “reels”лар билан бўлишади ва асосан, энг бахтли лаҳзаларини улашади. Хўш, бу ҳолат инсон руҳиятига ижобийдан кўра кўпроқ салбий таъсир кўрсатмаяптимикан?

Гўзаллик ва мукаммаллик талаби

Instagram ва шунга ўхшаш ижтимоий тармоқлар одамларга ўзини бошқалар билан солиштиришни ўргатади. Платформадаги сурат ва видеолар кўпинча идеал қомат, қиммат машиналар, ҳашаматли уйлар, қизиқарли саёҳатлар ва мукаммал ҳаёт тарзини акс эттиради. Шу сабабли фойдаланувчи ўзини доимий равишда бошқалар билан таққослай бошлайди. Оддий кундалик ҳаёт эса Instagramʼдаги “бахтли ҳаёт”лар билан солиштирганда зерикарли, аҳамиятсиз ёки паст даражадагидек туюлади.

Психологияда бу жараён ижтимоий таққослаш (social comparision) деб аталади. Instagram’дан узоқ вақт фойдаланадиган шахсларда ўзини паст баҳолаш, ташқи кўринишидан норозилик ва “мен етарли эмасман” деган туйғу кўпроқ учрайди. Айниқса, ёшлар ва ўсмирлар “мен кимман?” деган саволга жавоб излаётган даврда бу таққослашдан кўпроқ зарар кўриши мумкин.

Instagramʼдаги идеализацияланган ҳаётлар ҳаммаси ҳам реал вазиятни акс эттирмайди. Фойдаланувчи уларни ҳақиқий ҳаёт стандарти сифатида қабул қилса, руҳий босим ошади, стресс кучаяди, оилавий низолар юзага келиши мумкин ва ҳатто турли соғлиқ муаммолари ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли бор.

Узоқ муддат давомида ўзини бошқалар билан солиштириб яшаш эрта қариш, уйқу бузилиши ва руҳий беқарорликка олиб келади. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда гўзаллик ва мукаммаллик талаби билан боғлиқ контентни кўришда онгли бўлиш муҳим. Фойдаланувчи доимо ёдда сақлаши керакки, лайклар ва кузатувчилар сони, шунингдек, идеал ҳаёт тасвирлари — бу фақат рақамлар ва суратлар. Ҳақиқий бахт инсоннинг реал ҳаёти, ички тинчлиги ва муносабатларида намоён бўлади.

Like ва “follower”лар босими

Инстаграм’да “like” ва “followers”лар сони кўпчилик учун ўзини қадрлаш мезонига айланиб қолди. Оддий рақамлар сифатида кўринган бу кўрсаткичлар аслида инсон руҳиятига кучли таъсир қилади. Пост кам лайк тўпласа, фойдаланувчи ўзини қизиқарсиз, ортиқча ёки эътиборсиз ҳис қилади. Натижада кайфият пасайиши, тушкунлик, хавотир ва ўзига нисбатан ишончсизлик кучаяди. Кўплаб психологик тадқиқотларда қайд этилишича, айниқса ўсмирлар ва ёшлар ташқи баҳолашга кўпроқ боғланади, чунки улар идентитетини шакллантириш жараёнида бўлади.

Лайклар психологик жиҳатдан “рақамлаштирилган қадрият”га айланади. Яъни инсон ўзининг қадрини реал ҳаётдаги ютуқлар ёки шахсий хислатларидан эмас, балки ижтимоий тармоқдаги рақамлар орқали ўлчай бошлайди. Бу жараён мияда мукофот тизимини кучайтиради: ҳар сафар янги лайк келиши допамин ажралишига сабаб бўлади. Шу сабабли ижтимоий тармоққа қарамлик шаклланади.

Босим нафақат руҳий саломатликка, балки кундалик ҳаётга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Масалан, фойдаланувчи ўзини доим “аудитория учун” кўрсатишга, фақат мукаммал суратлар ёки ижтимоий мақбул кўринишларни улашишга мажбур ҳис қилади. Кимдир машҳурлик орттириш учун хавфли челленжларда иштирок этса, бошқалар ўз суратларини ҳаддан ташқари таҳрирлашга ўрганиб қолади.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, бу босим ҳаммани бир хил даражада таъсирлантирмайди. Олдиндан ўз-ўзини паст баҳолайдиганлар, ёшлар ва ижтимоий мақомидан даромад қилувчи инсонлар (масалан, блогерлар ёки инфлюэнcерлар) ушбу жараёнга кўпроқ берилиб кетади.

Вақтни ўғирлайдиган “scrolling”

Instagram ва шунга ўхшаш ижтимоий тармоқларнинг асосий хусусиятларидан бири — фойдаланувчини иложи борича узоқ вақт платформада ушлаб туриш. Бу кўпинча “infinite scrolling”, яъни чексиз ленталарни айлантириш орқали амалга оширилади. Алгоритмлар фойдаланувчининг қизиқишларига мос контентни доимий равишда кўрсатиб, уни билмаган ҳолда бир неча соат давомида суратлар, видеолар ва қисқа клиплар билан банд қилади.

Натижада инсон вақтининг катта қисмини фойдасиз фаолиятга сарфлаши мумкин. Кунлик ишлар, ўқиш ёки шахсий ривожланиш фаолиятлари орқага сурилиб, унумдорлик пасаяди. Бундан ташқари, доимий янгиликлар ва тез-тез ўзгарадиган контент инсоннинг диққати бўлинишига олиб келади. Бу жараён кайфиятнинг тез-тез ўзгариши, безовталик ва ҳатто стресснинг ошишига сабаб бўлади.

Узоқ давом этадиган scrolling, шунингдек, мия мукофот тизимини фаоллаштиради. Ҳар бир янги пост ёки видеони кўриш допамин ажралишига олиб келади, бу эса фойдаланувчини платформадан узоқлаша олмаслигига сабаб бўлади. Шу тариқа, одам ижтимоий тармоққа қарам бўлиб, реал ҳаётдаги вазифалар ва муносабатлар эътиборсиз қолади.

Мутахассислар фойдаланувчиларга онгли ёндашувни тавсия қилади: кунлик фойдаланиш вақтини чеклаш, билдиришномаларни ўчириш, scrolling пайтида танаффуслар қилиш ва мақсадли контентни танлаш. Шу орқали инсон нафақат руҳий саломатлигини сақлайди, балки вақтини унумли ишлатишга ҳам эришади.

Яширин ижобий жиҳатлар ҳам бор

Instagram ижодий фикрлаш, билим алмашиш, бизнес юритиш ва ўзини тарғиб қилиш учун ҳам катта имконият яратади. Масалан, кўплаб ёшлар платформадан қўшимча даромад топиб, янги дўстлар орттирмоқда – фойдаланувчи ундан қандай фойдаланишини ўзи белгилайди.

Instagram одамга илҳом ҳам беради, аммо бир вақтнинг ўзида одам руҳиятини издан ҳам чиқариши ҳам мумкин. Муҳими, ижтимоий тармоқни онгли ва меъёрида ишлатишдир.

Диёрахон Набижонова

Мавзуга оид