Иқтисодиёт | 13:19 / 22.09.2025
6200
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизматлар нархлари сезиларли қимматлаяпти

Марказий банк маълумотларига кўра, август ойида ҳайдовчилик курслари нархи рекорд даражада (71,3 фоиз) қимматлади. Бу даврда асосан хизматлар – давлат боғчаларидан тортиб, коммунал хизматлар, ҳаво транспорти нархлари сезиларли ошди. Юқори инфляцияли элементлар ҳам шу гуруҳга оид – 48 фоиз.

Марказий банк 2025 йилнинг август ойидаги инфляция кўрсаткичларини эълон қилди.

Умумий йиллик инфляция 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган; 2023 йилда пасайиб, 8,8 фоиз, 2024 йилда бироз ошиб, 9,8 фоиз, 2025 йил август ҳолатида яна 8,8 фоизга тушган.

Нархи 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматларнинг улуши камайган, бунда:

  • 2022 йилда - 52 фоиз;
  • 2023 йилда - 25 фоиз;
  • 2024 йилда - 22 фоиз;
  • 2025 йилда - 18 фоиз.

Бу умумий инфляция пасайиш трендига эгалиги ва “юқори инфляцияли” элементлар сони камайганини кўрсатади. Натижада аввалги йиллардаги нарх шоклари сусайган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари (энг катта ўзгаришлар)

Инфографикага кўра, баъзи озиқ-овқатлар нархи сезиларли даражада пасайган, бошқалари эса кескин ошган:

Августда қовоқ (-52,8 фоиз), узум (39,5 фоиз), помидор (34,7 фоиз), гуруч (-17,8 фоиз), олма (-16,6 фоиз) ва бодринг (-15,3 фоиз) нархлари пасайди.

Ҳисобот даврида озиқ-овқатлар таркибида сабзи (69,1 фоиз) карам (46,5 фоиз) ва пиёз (40,1 фоиз) нархи энг тез ўсган маҳсулот бўлди. Бундан ташқари, қуйидаги маҳсулотлар нархлари ҳам сезиларли қимматлаган:

• Пахта мойи (ёки ўсимлик ёғи): +39,4 фоиз

• Картошка: +32,0 фоиз

• Қўй гўшти: +28,5 фоиз

Ноозиқ-овқат товарлар (маиший ва саноат товарлари)

Августда ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи бироз пасайган. Хусусан, пропан -6,1 фоизга, қоғоз А4 -4,6 фоизга, ошхона техникаси -3,3 фоизга арзонлаган.

Олтин нархлари глобал бозорда рекорд даражада қимматлаши заргарлик буюмларида ҳам акс этган – никоҳ узуги 33,2 фоизга қимматлади.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида метан нархи 31 фоизга, газета, 15,3 фоизга, бензин 11,1 фоизга, атир совун 10,1 фоизга, витаминлар 9,9 фоизга ошди.

Хизматлар

Августда пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш нархлари 0,3 фоизга, нодавлат ОТМда ўқиш 1,3 фоизга, симли интернет 1,8 фоизга арзонлади.

Августда нархи энг тез ўсган хизмат ҳайдовчилик курслари бўлди – ҳисобот даврида бу хизмат нархи 71,3 фоизга ошди. Шунингдек, ички йўловчи ҳаво транспорти хизматлари 59,5 фоизга, тармоқ газ 39,2 фоизга, совуқ сув 34,1 фоизга, чиқинди ташиш 23,9 фоизга, давлат боғчалари хизматлари 21 фоизга қимматлади.

Юқори инфляцияли элементлар

Йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган маҳсулотлар озиқ-овқат маҳсулотларида 83 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотларида 96 фоиз ва хизматларда 42 фоизни ташкил қилади. Рақамлар хизматлар гуруҳида юқори инфляцияли элементлар энг юқори кўрсаткичга эга эканини кўрсатмоқда – 48 фоиз.

Мавзуга оид