Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 17 июн кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Регуляторнинг қайд этишича, май ойи якунларига кўра йиллик инфляция 5,5 фоизгача тушгани – ўтган йилги юқори база таъсирларининг чиқиб кетиши билан боғлиқ.

“Инфляциянинг барқарор таркибий кўрсаткичлари динамикаси, ички талабнинг юқори шаклланиши ҳамда ташқи иқтисодий ноаниқликлар пул-кредит шароитларини қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда”, – дейилади расмий изоҳда.

Регулятор пресс-релизи

Май ойида умумий инфляция йиллик 5,5 фоизни ташкил этди ва прогноз траекторияси доирасида шаклланди. Ушбу пасайишга асосан ўтган йилги энергия тарифлари оширилишининг бевосита таъсирлари тугаши ҳисса қўшди.

Шу билан бирга, инфляциянинг барқарор таркибий кўрсаткичлари ўзгаришсиз шаклланмоқда. Хусусан, базавий инфляция 5,7 фоиз даражасида шаклланиб, хизматлар инфляцияси секинлашиши билан бир қаторда озиқ-овқатлар инфляциясида тезлашиш қайд этилди.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этиб, молия соҳаси экспертларининг узоқ муддатли кутилмалари ҳам ижобийлашган.

Иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари сақланиб қолмоқда. Хусусан, чакана савдо, хизматлар соҳаси, туризм ва инвестициялар ҳажмининг юқори ўсиши иқтисодиётда ялпи талабнинг барқарорлигини кўрсатди. Шу билан бирга, сўнгги ойларда бюджет харажатларнинг фаоллашиши келгуси чоракларда ҳам иқтисодий фаоллик ва талаб омилларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Жорий йилнинг июнь ойидан энергия ресурслари тарифларининг оширилиши инфляцияга қисқа муддатли таъсирга эга бўлади. Тарифларнинг бевосита таъсиридан ташқари, транспорт ва ишлаб чиқариш харажатлари билан боғлиқ иккиламчи омиллар ҳам келгуси чоракларда инфляция динамикасида намоён бўлиб боради.

Марказий банк 2026 йил якунлари бўйича инфляциянинг 6,5 фоиз атрофида шаклланиши ҳамда иқтисодий ўсишнинг 7-7,5 фоиз оралиғида бўлиши бўйича прогнозларини сақлаб қолди.

Айни пайтда иқтисодиётда шаклланган реал ижобий фоиз ставкалари аҳоли ва бизнеснинг жамғариш фаоллигини рағбатлантириш, кредитлашнинг мувозанатли ўсишини таъминлаш ҳамда инфляцион босимларни чеклашга хизмат қилмоқда.