Жаҳон | 15:56 / 24.09.2025
2257
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Exxon ва "Роснефть" зарарни қоплаш бўйича келишув имзолади

Reuters хабарига кўра, имзоланган келишув Exxon Mobil ва "Роснефть" ўртасидаги тижорий алоқаларни тиклаш йўлидаги биринчи қадамдир. У Россияда бизнес ташлаб кетилгандан кейин етказилган йўқотишларни қоплаш имконини бериши мумкин.

Фото: Getty Images

Американинг Exxon Mobil нефт компанияси ва Россиянинг "Роснефть" давлат корпорацияси 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Exxon'га 4,6 миллиард доллар (3,8 миллиард евро) тўлаш имконияти тўғрисида мажбурий бўлмаган дастлабки келишувни имзолади. Бу ҳақда 23 сентябр, сешанба куни Reuters агентлиги музокаралардан хабардор икки манбага таяниб хабар берди.

Манбалардан бирига кўра, ушбу ҳужжат август охири ёки сентябр ойи бошида имзоланган. Битим икки томон ўртасидаги савдо алоқаларини тиклаш йўлидаги дастлабки қадамдир. Бироқ, Москва Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш йўлида муҳим қадамлар қўймагунча ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларни юмшатмагунича, кейинги ўзгариш ҳақида гапириш имконсиз, дея таъкидлайди агентлик.

Exxon вакили Терри Уэйд изоҳ беришдан бош тортди. «Роснефть» Reuters агентлигининг Exxon билан мажбурий бўлмаган дастлабки келишувни имзолаганлиги ҳақидаги саволига жавоб қайтармади. Зарарни қоплаш бўйича музокаралар 2023 йилдан бери давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид