Жаҳон | 12:17 / 03.12.2025
4642
3 дақиқада ўқилади

Украина икки кун ичида "Роснефт"нинг иккинчи нефт базасига зарба берди

Тамбов ва Воронеж областларида нефт инфратузилмаси объектларига Украина дронлари томонидан навбатдаги ҳужумлар қайд этилди. Ҳудудий ҳокимиятлар бензин сақлаш резервуарлари зарарлангани ва ёнғинлар юз бергани ҳақида хабар бермоқда.

Фото: EPA

Украина учувчисиз аппарати душанбага ўтар кечаси, 3 декабрда Тамбов областидаги нефт базасига ҳужум қилди. Бу ҳақда ҳудуд губернатори Евгений Первишов хабар берди. Унинг сўзларига кўра, дрон парчалари объект ҳудудига тушганидан сўнг ёнғин келиб чиққан, воқеа жойида ўт ўчириш хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишлаяпти. Первишов жабрланганлар бор-йўқлиги ва қайси нефт базаси ҳужум объекти бўлганини аниқлаштирмади.

Украинанинг Exilnova+ мониторинг канали маълумотларига кўра, зарба Тамбовдан тахминан 45 км узоқликда жойлашган Дмитриевка посёлкасидаги Никифоров нефт базасига берилган. У ерда дизел ёнилғисини сақлаш учун мўлжалланган умумий ҳажми 10 440 куб метр бўлган 14 та резервуар мавжуд. База "Роснефт" компаниясига тегишли бўлиб, яқин вақтгача "Тамбовнефтепродукт" таркибига кирган, у ноябр охирида "Воронежнефтепродукт"га қўшиб юборилган.

Бундан ташқари, шу кечаси — 3 декабрга ўтар тунда Воронеж областидаги нефт базаси ҳам Украина дронлари ҳужумига учрагани ҳақида ҳудуд губернатори Александр Гусев хабар берди. Унинг айтишича, уриб туширилган дрон парчалари тушиши натижасида бир нечта ёнилғи резервуарлари "катта бўлмаган даражада" зарарланган. Гусев қўшимча қилишича, ёнғин чиқмаган ва жабрланганлар йўқ.

Бир кун олдин, 2 декабрда, Украина дронлари Орёл области Ливни шаҳридаги "Роснефт" нефт базасига зарба берган эди. У ерда ёнилғи сақланаётган иккита резервуарда ёнғин чиққани хабар қилинган.

Россия Мудофаа вазирлигининг кечаги ҳисоботига кўра, ўтган тун Россия ҳудуди устида Украинага тегишли 102 та самолёт туридаги дрон "тутиб олинган ва йўқ қилинган". Энг кўп дрон Белгород вилояти устида қайд этилган — 26 та.

Ҳисоботга, шунингдек, Брянск области устидаги 22 та, Курск устидаги 21 та, Ростов устидаги 16 та, Астрахан устидаги 7 та, Саратов устидаги 6 та ва Воронеж области устидаги 4 та дрон киритилган. Тамбов области вазирлик хабарида тилга олинмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид